Миллий табиат боғи бу алоҳида қўриқланадиган, табиий экологик манзаралари сақланган, ўсимликлар ва ҳайвонот олами ва уларнинг яшаш муҳити, илмий ва ўқув амалий аҳамиятига эга бўлган катта табиий ҳудуд ҳисобланади. Миллий боғда ландшафтларни тиклаш, ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлаш ишлари амалга оширилади, бир қисми дам олувчилар қатъий тартибда туристлар учун очиқлиги билан қўриқхоналардан фарқ қилади.
Маълумотларга кўра, ўрмонлар мамлакатимиз умумий майдонининг 7 фоизини ташкил этади. 2024 йилга қадар эса 11,2 фоизга етказилиши мақсад қилинган. Ўрмон хўжалиги қўмитаси бошқармаси ташаббуси билан кўчат экиш ойликларида республика бўйича ҳар йили тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида ўтган 2021 йилнинг 2 ноябрь куни ўтказилган видео селектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган бўлиб, акция доирасида Самарқанд вилояти Омонқўтон миллий табиат боғи ходимлари ҳам фаол иштирок этишди. Мутасаддилари томонидан ҳудуд иқлимига мослаша оладиган турли манзарали ва мевали кўчатлар экилди.
Айни кунларда дарахт экиш акциясига республика бўйича деярли барча бюджет ташкилотлари ва идоралар жалб қилинган.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева