Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

“Яшил боғлар“ ва “Яшил жамоат парклари“ барпо этилади

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси амалга оширилаётган билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгилаб берилган. Бундай кенг кўламли ташаббус билан шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди кенгайтирилиши режалаштирилган.

Хўш, бугун экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Лойиҳа доирасида жорий йил баҳор мавсумида республикада жами 126 миллион дона (101%) кўчат ва қаламчалар экилди. Шундан 23 миллион донаси ҳудудлардаги ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилди. Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда кўкаламзорлаштириш учун тавсия этиладиган манзарали дарахт-бута турлари, уларни етиштириш ва экиш агротехникаси бўйича қўлланма ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.

Экилган кўчатларни сақлаш ва парваришлаш тизимини жорий этиш мақсадида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан илмий асосланган табиий тупроқ-иқлим шароитига мос кўчат турларини танлаш, ҳудудлар кесимида кўчатларни экиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилди ҳамда вилоятларга етказилди. Бундан ташқари, жорий йил куз мавсумида 75 миллион дона манзарали, мевали дарахт ва буталарнинг кўчат ҳамда қаламчалари экиш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Ҳудудларда дарахт экиш тадбирлари учун тизим ташкилотлари томонидан бугунги кунга қадар жами 9,6 миллион дона кўчат ва қаламчалар етказиб берилишга эришилди. Шунингдек, бугунги кунга қадар Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 211 та мактабларга ва 186 та Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги муассасаларга 73 минг туп кўчатлар беғараз етказиб берилди.

Бугун экологияни асраб-авайлаш, яшил оламни кенгайтириш долзарб вазифалар сирасига киритилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 186 туман ва шаҳарда 2022–2024 йилларда жами 1 минг 278 гектар, шундан 2022 йилда 584 гектар майдонда “Яшил боғлар”, 184 туман ва шаҳарлардаги 306 объектда 2022–2024 йилларда жами 1082 гектар майдонда янгидан “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш белгиланган.

Дилрабо Бобоева,
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассиси