Бугун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Дастлаб ходимлар ўртасида давлат байроғи акс этган лента ва тасмалар тақиш акцияси амалга оширилди.
Сўнгра мамлакатимиз байроғи шарафига қўмита марказий аппарати ходимлари Ўзбекистон Давлат мадҳиясини жўр бўлиб айтишди.
Байроғимиз шарафига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
“Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида “Ҳилпира байроғим, ҳилпира мағрур!” номли маърифий тадбир ташкил қилинди. Унда Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон давлат педагогика илмий-тадқиқот институтининг бўлим мудири, педагогика фанлар доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов иштирок этди.
Малика Абдухакимова мамлакатимиз ташкил этилганидан бери тасдиқланган байроқларимиз тадрижи борасида маълумот берди.
Мустақил Ўзбекистонимизнинг миллий рамзларидан Республика байроғидир. Бундан роппа-роса 31 йил аввал “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган ВИИ сессиясида қабул қилинган. Мазкур кун тарихимиз солномаларига бошқа миллий байрамларимиз каби энг қутлуғ кунлардан бири сифатида киритилган.
Байроқ сўзи – ёғоч ёки металл дастага бир ёки бир неча рангли, турли рамзий белги, суратлар акс этган муайян ўлчамдаги мато тушунилади. Унга маънодош (синоним) сўзлар – туғ, ялов, алам.
Мамлакат байроғи бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкура ҳисобланади. Улар мамлакатнинг тарихи ва мафкураси ҳақида айтиб туради. Кўпчилик байроқларга жойланган маънони тушинмайди.
Миллат байроғи – муқаддас. Унда аждодлар орзу-армони акс этади. Унда халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.
Миллий яловимиз ҳақидаги айрим тарихий ҳақиқатлар қуйидагича акс этган:
Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари мўғил истилочиларига қарши курашда ўз Ватани байроғини баланд кўтарган ҳолда жанг қилган. Душманлар жангда ёлғиз қолган шайх қўлидаги туғни жароҳатлаб ҳам тортиб олишолмаган.
Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллайди, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин.
Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги мардликни кўриб, фахрланамиз.
Байроқ тўғрисидаги Қонуннинг 3-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади”. Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.

