Маълумки, Ўзбекистонда жорий йилнинг 20 октябридан 1 декабригача кўчат экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик» эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни ўтказилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар мавзусидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинган эди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ҳамкорлигида Яккасарой туманидаги Бошлиқ массивида ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги СОС Болалар маҳаллалари ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1500 туп манзарали ва мевали дарахтлар экилди.
– Айни кунларда республикамизда давом этаётган “Яшил макон: долзарб 40 кунлик” лойиҳаси доирасида ҳудудларимизда кўплаб манзарали ва мевали кўчатлар экилиши режалаштирилган бўлиб, бу борадаги саʼй-ҳаракатлар қизғин тус олди. Ҳозирда пойтахтимиздаги 2 та ҳудудда 1000 дан ортиқ кўчатлар ўтказилди. Бу жараёнда масъул корхона ва ташкилотлар билан бир қаторда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фаол иштирок этди, – Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Алижон Маматкаримов
– Бу тадбир барчамизни бир мақсад сари бирлаштиради. Юртимизни яшил маконга айлантириш йўлида кўплаб хайрли ишларга қўл урилмоқда. Ҳудудларимизга мевали ва манзарали дарахт кўчатларини олиб келиб ўрнатмоқдамиз. Чунки, яшил табиат бизни турли чанг-тўзонлардан ва ҳавони ифлосланишдан сақлайди. Бугунги экилган кўчатлар вақти келиб келажак авлодларга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ахборот хизмати Отабек Ашуров.
Долзарб 40 кунлик» кузги кўчат экиш мавсуми жорий йил 1 декабргача давом этади

