Мамлакатимизда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-этиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилининг тўлақонли жорий этилишини таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сафатида ўзбек тилини ўрганиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Охирги уч йил ичида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқени тубдан ошириш ва янада такомиллаштириш ҳамда ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқариш мақсадида кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мисол тариқасида юртимиз бўйлаб 21-октабр санасини Ўзбек тили байрами сифатида нишонланишини келтириш мумкин.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратида ҳам ушбу байрам кенг миқёсда нишонланди. Хусусан, 26-октабр куни ҳам “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида “Она тилим ўлмайди!” номли маърифий тадбир ташкил этилди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари – Низомий номидаги ТДПУ доценти, филология фанлари номзоди Марҳабо Собирова ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби, ёш ижодкор Фозил Фарҳод иштирок этишди.
Унда она тили – ҳар бир миллатнинг кўзгуси, фахри, ғуруридир. Айни чоғда ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг орзу умидлари, истиқлоли унда ўз ифодасини топиши, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашда она тилининг беқиёс аҳамияти ҳақида фикр юритилди. Адабиётимизнинг улуғ ижодкорларининг она тили борасидаги ўй-фикрлари, қарашлари ёдга олинди. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Она тилим ўлмайди!” номли шеъри тадбир иштирокчилари томонидан жўр бўлиб айтилди.

