Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Яшилликни асранг ! (Расмий муносабат)

Сўнгги вақтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 19 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Хожайдод” маҳалласи Шотут қишлоғига яқин масофада жойлашган ўрмон фонди ер майдонларида ноқонуний кесилаётган арчалар тўғрисидаги хабар тарқалди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси масъуллари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилди. Натижада, Бойсун тумани “Хожайдод” маҳалласи Шотут қишлоғида яшовчи фуқаро И.Шарипов томонидан Бойсун давлат ўрмон хўжалиги “Алагапан” ўрмон бўлими “Тиғи гардан” массивида ноқонуний равишда жами 30 дона зарафшон арчаси кесилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича белгиланган тартибда далолатнома тузилди ва қонунбузар фуқародан тушунтириш хати олинди. Ҳозирги вақтда И.Шариповга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик чораларини белгилаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Шуни эслатиш лозимки, сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда ва мазкур лойиҳа доирасида ҳар йили 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини бутун мамлакатимиз миқёсида амалга ошириш мақсадида 2021 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–46-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонда дарахтлар кесилишига мораторий жорий қилиниши ва дарахт кесганлик ҳолатлари учун жарима ва компенсациялар миқдорининг оширилиши белгиланган.