Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўзбекистон – ўрмонлар майдони кам бўлган мамлакат ҳисобланади, аммо…

Ўзбекистон – ўрмонлар майдони кам бўлган мамлакат. Ҳисобларга кўра, улар 3,68 миллион гектарни эгаллайди, бу мамлакатдаги барча ер майдонларининг 8,6 фоизига тўғри келади. Сўнгги 30 йил ичида ўрмонлар майдони чорвачиликнинг назоратсиз ривожланиши, турли соҳаларда фойдаланиш учун ёғочга бўлган талабнинг ортиши ва энергия манбалари жуда тақчил бўлган қишлоқ жойларида ёқилғи сифатида ишлатилиши, шунингдек, ўрмон ҳудудлари ҳисобидан суғориладиган деҳқончиликни кенгайтирилиши ҳисобига камайди. Ўрмонлар деградатсиясига сабаб бўлган яна бир омил иқлим ўзгариши бўлиб, бу ёнғинларнинг кўпайишига, зараркунандалар ҳужумига ва ўрмонларда дарахтлар касалликларининг ошишига олиб келди.

Пойтахтимизда БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўрмон ва ёғоч хўжалиги қўшма бўлими Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ва ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда барқарор ландшафтларни тиклаш учун ўрмон хўжалиги секторини техник-иқтисодий асослаш” мавзусида Миллий ўрмон сиёсати мулоқоти ташкил этилди.

Мулоқотда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, ФАО экспертлари, БМТнинг Европа Иқтисодий комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар мутахассислари иштирок этди.

Учрашувда Миллий ва халқаро экспертлар иштирокида ўрмон соҳасини ривожлантириш учун қулай сиёсий, ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш, мамлакатимизда ўрмон ландшафтларини тиклашни молиялаштириш механизмлари каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўрмонларни қайта тиклашга қаратилган жорий ва режалаштирилаётган миллий ва минтақавий лойиҳалар кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида 2018-йилда Ўзбекистон ҳукумати Bonn Challenge дастури доирасида 500 минг гектардан ортиқ деградацияга учраган ландшафтларни тиклаш мажбуриятини олгани қайд этилди. Bonn Challenge 2020 йилга бориб 150 миллион гектар ва 2030 йилга келиб 350 миллион гектар деградацияга учраган ва ўрмонсизланган ерларни тиклаш бўйича глобал саъй-ҳаракатлардир. Бугунги кунга қадар 61 та давлат, 8 та штат ва 5 та ассоциация Bonn Challenge дастурини қабул қилган. Шунингдек, Ўзбекистон Кавказ ва Марказий Осиё ландшафтларини тиклаш ва инфратузилмасини кўкаламзорлаштириш бўйича Стратегияни ишлаб чиқишда фаол иштирок этгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот иштирокчилари Ўзбекистоннинг давлат раҳбари ташаббуси билан 2021-йилдан буён амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди. Мамлакатни кўкаламзорлаштириш бўйича ушбу кенг кўламли лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясига киритилган бўлиб, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш ҳисобига мамлакатимиз ўрмон қопламини кенгайтиришни назарда тутади. Уни амалга оширишда давлат муассасалари ва илмий жамоалар фаол иштирок этмоқда.

Ўтган Миллий мулоқот БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва ФАОнинг 2022-2025 йилларга мўлжалланган интеграциялашган иш дастури доирасида ташкил этилган. Тадбир иштирокчиларга тажриба алмашиш ва Ўзбекистон ўрмон хўжалиги соҳасида тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш имконини берди.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева

Ўрмон хўжалиги агентлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда Инсон ресурсларини бошқариш ходимлари учун 30 академик соатдан иборат “Янги Меҳнат кодексини ўрганиш” ўқув курслари ташкил этилди.

Ўрмон хўжалиги агентлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда Инсон ресурсларини бошқариш ходимлари учун 30 академик соатдан иборат “Янги Меҳнат кодексини ўрганиш” ўқув курслари ташкил этилди.

Мазкур ўқув курси дастурида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида назарда тутилган масалалар, жумладан ишга жойлаштириш ва...