Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси глобал экологик муаммоларнинг олдини олишда муҳим ташаббус бўлиб, шу билан биргаликда, она диёримизни, маҳалла ва кўчаларимизни яшил майдонларга айлантириш, гўзал боғлар яратиш ва артоф-муҳит мусаффолигини яхшилаш имконини бермоқда.
Тегишли фармонга кўра, жорий йилда 584,2 гектар майдонда “яшил боғлар” ҳамда 2022-2024 йилларда 1082,34 гектар майдонда “яшил жамоат парклари” ташкил этиш бўйича дастур тасдиқланган.
Бугунги кунга қадар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 480 гектардан ортиқ майдонда “яшил боғлар” ҳамда 500 гектарга яқин майдонларда “яшил жамоат парклари” ташкил этиш ишлари амалга оширилди.
Ҳудудларда барпо этилган “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари” билан яқиндан танишиш мақсадида қўмита раиси ўринбосари А.Маматкаримов бошчилигида ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида барпо этилаётган “яшил жамоат парки” фаолияти ўрганиб чиқилганида аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева


