Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Наманган вилояти Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида “Доривор ўсимликларни етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш, кластерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш» мавзусида кўргазмали-амалий семинар йигилиши ташкил этилди. Мазкур кўргазмали-амалий семинар йиғилишида соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Маълумки, доривор ўсимлик етиштирувчилар билан етиштирилган маҳсулотни харид қилиш бўйича шартномалар тузиш, уларни уруғлик, минерал ўғитлар, техника, ёқилғи ва бошқа воситалар билан таъминлаш, ихтисослаштирилган ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш, уруғликлар ва кўчатлар тайёрлаш, босқичма-босқич замонавий доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш ва уруғчилигини ташкил этишда илғор илм-фан ютуқларини қўллаш каби вазифалар доривор ўсимликлар кластерининг асосий вазифалари этиб белгилаб қўйилган.
Учрашувда тақдим этилган маълумотларга кўра, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Ўзбекистон доривор ўсимликлари» кичик инновацион корхонаси ташкил этиш белгиланган.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н. Бакировнинг сўзларига кўра, инсонлар саломатлигини тиклашда шифобахш ўсимликларнинг роли беқиёсдир. Доривор ўсимликлар халқ табобатида қадимдан турли касалликларни даволашда кенг миқёсда қўлланиб келинган шифобахш воситадир. Ўсимлик хом-ашёларидан тайёрланган дори-дармонларга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда республикамизда 120 турдан ортиқ доривор ўсимликлар расмий табобатда фойдаланишга рухсат берилган бўлиб, ушбу ўсимликларни табиий ҳолда йиғиб олинади ва маданий ҳолда ўрмон фонди ерларида етиштирилади.
Бундан ташқари, ноёб доривор ва зировор ўсимликлар ҳам етиштирилмоқда. Шулардан бири доривор маврак (Salvia officinalis L)дир. Айни пайтда мутахассислар тоғолди, текислик майдонларида ҳамда ўрмон хўжаликларида доривор маврак гиёҳини экиб келмоқдалар.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева
