Жамиятнинг ривожланиб бориши билан инсонлар ўртасида рақобат юзага келган ва бунинг оқибатида инсонлар ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бир-бирига нисбатан ҳар хил қонуний ва қонунга хилоф усулларни қўллай бошлаган. Бу эса, ўз навбатида, коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлган. Коррупциянинг ўзи нима? Коррупция шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Коррупция, ўз навбатида, жамиятимизда ва фуқароларимизнинг турмуш тарзида адолатсизлик туйғусини юзага келтиради.
Соҳада коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида Наманган давлат ўрмон хўжалигида профилактик тадбир ташкил этилди.
Тадбирда хўжалик бошлиғи А.Аббасов сўзга чиқди ва хўжаликларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ўз вақтида нобуд қилмасдан йиғиб олиш муҳимлигини қайд этди. Ходимларга етиштирилган қишлоқ хўжалик махсулотларини хўжалик омборига топшириш лозимлиги юзасидан керакли тушунчаларни берди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ҳар доим адолатсизликни қоралаб, унга қарши курашиш зарурлигини, халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат тўйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш кераклигини алоҳида таъкидлайдилар.
Тадбир давомида соҳа мутасаддилари коррупция иллати давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солишини, адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшаш учун нафақат давлат органлари, идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар бир фуқаро масъул эканлигини айтиб ўтди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева