Маълумки, Давлат экология қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги қўмитаси вакилларидан иборат делегация Исроил давлатида «Сув ресурсларини бошқариш ва уларни муҳофаза қилиш» мавзусида ташкил қилинган ўқув-амалий семинарда иштирок этмоқда.
Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг МАШАВ Халқаро ҳамкорлик дастури, БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП), Исроил атроф-муҳит муҳофазаси вазирлиги, Arava илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур халқаро ўқув семинарида Қозоғистон Республикаси ва бошқа давлатлардан ҳам соҳа мутахассислари қатнашмоқда.
Семинарда сув хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишни такомиллаштириш, сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ошириш масалаларида сўз борди.
Учрашув давомида Исроил давлатининг мавжуд сув ресурслари ва уларни бошқариш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича илғор тажрибаси ўрганилиши режалаштирилган. Иштирокчилар келгусида сув ресурсларини муҳофаза қилишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, жумладан инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан ўзаро фикр алмашишмоқда.
Қайд этилишича, ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлигини аниқ кўрсаткич ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали унинг устуворлигини белгилаш ва амалга ошириш лозим.
Мутахассисларнинг айтишича, глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бу борада сув ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона ва тежамкорона фойдаланиш нафақат республикамиз, балки бутун дунё ҳамжамияти олдида турган долзарб вазифадир.
Тадбирда қайд этилганидек, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ. Шу маънода, республикамизда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллашга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева
