Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ ВА ГЕНДЕР МАСАЛАЛАРИ

Давлат ва жамият ишларини бошқаришда аёллар ҳам эркаклардан қолишмайдиган кучли билим, салоҳият ва ташаббускорликка эга эканликлари кундан-кунга ойдинлашмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор берилмоқда. Зеро, Бош Қомусимизнинг 46-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” – дея эътироф этилган. Бу билан мамлакатимизда хотин-қизлар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этиши ҳуқуқий кафоланган.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан Гендер стратегияси қабул қилинди.
Истиқболдаги беш йилликда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларимиз жамланмаси бўлган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам 69-мақсад этиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш белгиланган.
Жамиятимизда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликнинг ортиб бораётган охирги йилларда мазкур белгиланган Стратегия ва чора-тадбирлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга асос бўлиб хизмат қилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида ҳам мазкур йўналиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, ўтган йили қўмита тизими доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг гендер стратегияси” ҳамда “2021-2022 йилларга мўлжалланган гендер тадбирлар режаси” тасдиқланди. Қўмитанинг гендер стратегиясини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистондаги ваколатхонаси (ФАО) томонидан “Тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг ўрмон заҳиралари иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини барқарор ривожлантиришга ҳисса қўшиш, маҳаллий жамоаларни ҳаёт ва энергия манбалари билан таъминлаш каби турли мақсадларга хизмат қилади.
Ер ва ўрмон ресурсларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш тизими сайёранинг кўпайиб бораётган аҳолиси учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш зарурияти ҳамда атроф-муҳит таназзули ва иқлим ўзгариши оқибатида ер, балиқ ва ўрмон ресурслари заҳираларининг қисқариши билан кучайиб бораётган босим остида қолмоқда. Етарли бўлмаган ва ҳимояланмаган эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқи заифлик, очлик ва қашшоқликни кучайтиради, шунингдек, рақобатлашувчи фойдаланувчилар ушбу ресурслар устидан назорат учун курашаётган жойда низоларга ва атроф-муҳитнинг таназзулига олиб келиши мумкин.
Ўрмон хўжаликларини барқарор бошқариш ўрмонларнинг таназзулга учрашини ва йўқ қилинишини қисқартиришга, қашшоқликни камайтиришга ёрдам беради ва аҳолининг, яъни ҳам эркаклар ва ҳам аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишчиларининг тахминан 50 фоизи аёллардир. Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эркаклар қатори аёллар ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Қишлоқ аёллари ва эркаклари ўрмон хўжалигида қиймат яратишнинг бутун занжири бўйлаб турли хил вазифаларни бажарадилар: улар ёғоч ва ёғоч бўлмаган ресурсларнинг ҳам ишлаб чиқарувчилари ва ҳам истеъмолчилари ҳисобланади.
Ҳеч истисносиз, барча қишлоқ аёллари ҳеч бўлмаганда ёрдамчи хўжаликларда ва фермер хўжаликларида ишлаб, уй хўжалиги истеъмоли учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ва бозорларда сотишда иштирок этиб, уй хўжаликларини ёқилғи ва сув билан таъминлаб, ўз оилаларининг моддий фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Ушбу стратегияни шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси жаҳон ҳамжамияти томонидан белгиланган халқаро мезон ва меъёрлар: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, аёлларга нисбатан уларни камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги Конвенция ва ХМТнинг эркак ва аёл ишчилар, оилавий мажбуриятлари бўлган ишчилар учун тенг муомала ва тенг имкониятлар тўғрисидаги Конвенцияларга асосланади.

Ўрмон хўжалиги соҳасидаги ушбу Гендер сиёсатининг асосий мақсади озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қашшоқликни йўқотиш, ижтимоий барқарорликка эришиш, қишлоқларни ривожлантириш ва умуман олганда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат.
Соҳада гендер стратегиясини амалга ошириш учун ФАО томонидан гендер таҳлил қилиш ва гендер муаммоларини ҳал этиш соҳасида тегишли билим ва тажрибага эга бўлган гендер масалалари бўйича мутахассис – Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети профессори, филология бўйича фалсафа фанлари доктори, экожурналист Наргис Қосимова жалб қилинган.
Наргис Қосимова билан 15 август куни Сирдарё давлат ўрмон хўжалигида, 16 август куни Китоб давлат ўрмон хўжалигида, 17-18 август кунлари Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигида, 19 август куни Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида бўлдик. Ўрмон хўжалигида белгиланган гендер тадбирлар режасига кўра, мақсадли гуруҳлар ўртасида эҳтиёжларни аниқлаш бўйича ҳар бир ҳудудда алоҳида ўрганишлар, сўровномалар ўтказиш, гендер бўйича ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган тренинглар ташкил этиш, хўжалик раҳбарларидан гендер тенгликка оид интервьюлар олинди. Ўрмон хўжаликларида эркак ва аёллар учун гендер тенгликка эришиш стратегияси, мақсади, вазифалари, эришиладиган натижалар, соҳага стратегияни татбиқ этиш масалалари, муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари юзасидан тренинглар ташкил этилди. Унда ўрмон хўжалигида ишлайдиган хотин-қизлар сонини камида 40 фоизга етказиш, уларни олий маълумотли қилиш, соҳада раҳбар аёлларни кўпайтириш, берилаётган имконият ва имтиёзлардан баравар фойдаланиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка қизиқтириш каби масалалар борасида фикр юритилди.
Тадбирларда иштирок этган аёллар ўзларининг кундалик ҳаёти, иш фаолияти, қизиқишлари ҳақида гапириб беришди. Шунингдек, қўшимча даромад топишлари учун тадбиркорликнинг йўналишлари, касб-ҳунарлари, уларни амалга ошириш учун учраётган айрим тўсиқлар, яратиш керак бўлган шарт-шароитлар борасида ўзларининг таклифларини беришди. Деҳқонобод ўрмон хўжалигидаги ишчи аёллар ҳудуддаги “аёллар дафтари”га киритилган аёлларга ўзаро ёрдам беришаётганини, ўрмонда етиштирилаётган маҳсулотлардан қўшимча фойдаланиш – қўй, эчки жунларидан гилам тўқишни ўрганишган, дастгоҳ ҳам ўрнатилганлигини маълум қилишди. Гиламларга замонавий дизайн бериш учун ФАО томонидан яна семинарлар ташкил этиш истагини беришди.
Соҳада ишлаётган айрим аёллар ўз уйи томорқасида кўчатхона барпо этиб, 20 га яқин мевали ва манзарали кўчатларни уруғидан 150 мингдан зиёд кўчатлар етиштирмоқда. Деҳқонобод тумани тоғолди минтақасида жойлашгани учун, кетма-кет сўнгги йиллар қуруқ келгани боис чучук сув ниҳоятда танқис. Қурғоқчил заминда гиёҳ, кўчат парвариш қилиш – жуда машаққатли иш. Ҳовузга сув ташийдиган машиналарда кўп қийинчиликлар билан ўз пулларига чучук сув келтирилади. Хотин-қизлар сув масаласи бартараф этилса, кўплаб янги кўчатларни пайвандлаб экиш, янги навларни яратиш, ўрмон фонди ерларини ижарага олиб, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш режалари борлигини сўзлаб беришди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган гендер тенглиги стратегиясидан қуйидаги натижаларга эришиш мумкин:

  • қашшоқликни камайтириш;
  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва овқатланишни яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш;
  • аёлларнинг камида 30 фоизи ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши;
  • даромаднинг муқобил манбаларини ривожлантириш учун хизматлар ва бозорларга кира олиш имконига эга бўлиши;
  • аёлларнинг камида 30 фоизи республиканинг ўрмон секторига тегишли қарорлар қабул қилишда, қонунлар, сиёсат ва дастурларни шакллантиришда иштирок этишлари;
  • ҳудудлардаги “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни соҳага қизиқтириш ва бу орқали уларнинг бандлигини таъминлашга эришишда катта самара беради.

Ўрмон хўжаликларида гендер тенглиги соҳани барқарор бошқариш, ўрмонларнинг таназзулга учрашини ва йўқ қилинишини қисқартиришга, қашшоқликнинг барча кўринишларини тугатишга, аҳолининг, яъни ҳам эркаклар ва ҳам аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга эришилади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Гендер кенгаши аъзоси,
Қўмитанинг Хотин-қизлар бўйича бошланғич ташкилоти раиси Малика Абдухакимова

Муносабат

Муносабат

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга...