Маълумки, қонунчиликка кўра, 2022-2026 йилларда 36 минг гектар майдонда қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайҳон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампир ялпиз ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш ташкил этилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, яратилаётган ҳар 10 гектар ер майдонидаги доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ қазиш, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш мақсадида насос станциясини қуришга сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 млн сўмдан ошмайдиган миқдорда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси орқали субсидия ажратилиши режалаштирилган.
Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази олимлари томонидан Сурхандарё вилояти Сариосиё тумани Хисор Ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида хусусий томорқа ер эгалари ва бир қатор ташаббускор ёшлар иштирокида амалий семенар ташкил этилди.
Тадбирда Доривор ўсимликлар деҳқончилиги лабораторияси мудири Абдуқодир Қўзиев, Сурхандарё вилояти Сариосиё тумани Хисор Ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Тошболта Мирзаев иштирок этди.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 июндан бошлаб самараси исботланган доривор ўсимликларни босқичма-босқич тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига киритиш белгиланган бўлиб, аввало доривор ўсимликларни хонадонларда етиштиришни йўлга қўйиш, давлат тиббиёт муассасаларида, жумладан, ҳар бир поликлиникада доривор ўсимликлар воситасида даволашга мўлжалланган халқ табобати хоналари ва фитобарларни ташкил қилиш режалаштирилган.
Семинарда иштирокчиларга мутахассислар томонидан аҳоли хонадонларда доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, қуритиш бўйича ҳамда доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ҳамда қайта ишлашни ташкил этиш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш борасида тушунча берилди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева
