Озодлик ва мустақиллик учун курашган ва ўз жонини аямаган фидойилар хотирасини ёд этиш, уларга муносиб авлод бўлиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас инсоний бурчидир. Ҳар йили истиқлол байрамимиз арафасида юртдошларимиз Шаҳидлар майдони ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи”га боришлари, улуғ аждодларимиз, маърифатпарварларимиз руҳи покига ҳурмат бажо келтириш анъанага айланган. Бу эса ўз навбатида аҳоли ўртасида миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни янада кучайтиришда катта омил ҳисобланади.
Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.
Музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Уларда турли-туман ноёб ва қимматбаҳо ашёлар жамланганки, халқнинг ўтмиши акс этган бу экспозициялар бизни аждодлар ҳаёти, кураши ва бой мероси билан таништиради.
Жорий йилнинг 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ходимлари “Мозийга саёҳат” дастури доирасида “Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи”да бўлишди. Музей зали ёруғ ва шинам. Деворларга музейни бўлимларга ажратувчи, мавзуларга оид, ўша даврларга хос лавҳа – суратлар осилган. Музей 7 бўлимдан иборат. Қўмита ходимлари ҳар бир бўлимдаги шу даврга оид ҳужжатлар, маҳфий қоғозлар, расмлар, давр лавҳалари ва экспонатлар билан яқиндан танишдилар.
Аждодларимиз хотирасини улуғловчи, тарихнинг бор ҳақиқати ҳақида аниқ маълумотлар берувчи ушбу музей, шубҳасиз, узоқ йиллар халқимиз, айниқса, ёш авлодга хизмат қилади.

Малика Абдухакимова