Инсон ҳаётида шундай босқичлар борки, бу даврда ҳар қандай одам оила, давлат, жамиятнинг меҳр-эътибори, кўмагига эҳтиёж сезади. Бу болалик ва кексалик йилларидир.
Кекса фидойи инсонларни эъзозлаш бугуннинг эзгу анъанасига айланиб улгурган.
Хўш, бугун кўп йиллар ўрмон хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, нафақага чиққан фахрийларга эътибор қандай кечмоқда?
Орамизда шундай инсонлар борки, уларни ҳар куни йўқлаш, ҳолидан хабар олиш, маслаҳати ва ўгитларидан ҳар қанча баҳра олсак арзийди.
Мустақиллигимизнинг 31-йиллиги арафасида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари республикамиз мустақилликка эришган кундан бошлаб серқуёш Ватанимиз миқёсида барпо этилган иншоатлар, мажмуалар, зиёратгоҳлар атрофини кўкаламзорлаштириш ишларида мунтазам қатнашиб, уларга бош бўлиб келган соҳа фаҳрийлари Қиммат Алиева ва Авазхон Султоновларнинг хонадонларига ташриф буюрди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Авазхон Султонов Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган. Касби ўрмон муҳандиси.
Қиммат Алиева Тошкент шаҳрида туғилган.Ўрмон хўжалиги бош бошқармасида Кадрлар илари ва юридик хизмати бўлимида бош мутахассис лавозимларида фаолият юритган.
Қиммат Алиева ва Авазхон Султоновлар ўзларининг узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида кўпчиликнинг ҳурматини қозонган. Улар бутун умрини табиат ва экология соҳаси билан боғлаб, юртимиз ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантиришда кўплаб илмий-тадқиқот ишлари билан бирга, табиатимиз ўсимлик дунёсини асраб-авайлашда беқиёс хиссасини қўшган .
Учрашувда фахрий мутахассислар Орол денгизининг қуриган тубидан чанг-тузларнинг атрофдаги ҳудудларга шамол билан учирилишини сезиларли даражада камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ҳамда Оролбўйи минтақасида ўрмончиликни ривожлантириш борасида ўз таклифлари билан ўртоқлашди.Узоқ йиллик умрларини соҳа ривожига бағишлаган фахрийлар Оролга ҳаёт қайтиши борасида кўпгина таклифларни илгари сурди.
Шуни алоҳида таъкиллаш лозимки, Ҳукуматнинг 2021 йил 6 майдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилган. Соҳа фидойилари тизимда амалга оширган меҳнатлари учун мазкур кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева

