Давлат рамзлари

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар тўғрисида маълумот тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 2021 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Таҳлилларга кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратига 2021 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 836 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг кўриб чиқиш натижасига кўра, 32,7 фоизи ижобий ҳал этилган, 54,9 фоизига – тегишли тушунтиришлар берилган. 3,4 фоизи қонун талабларига мувофиқ рад этилган ва 9 фоизи тегишлиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган. Таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш шахсан биринчи раҳбарлар зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига келиб тушган мурожаатларни шакллари бўйича 256 таси ёзма, 376 таси электрон, 204 таси оғзаки мурожаатлардан иборатдир. 423 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган. Мурожаатларнинг 83,2 фоизи жисмоний шахслардан ва 16,8 фоизи юридик шахслардан келган.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг асосий қисми асосан, 2,5 % ҳолатда ўрмон хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг фаолияти, 55,9 % ҳолатда ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш ва шартномалар тузилиши юзасидан, 4,4 % ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича таклифлар юзасидан ҳамда 9,6 % ҳолатда ўрмон хўжалиги фаолиятига доир соҳаларга тегишлидир.Шунингдек, қолган мурожаатларнинг 3,7 фоизи ўрмон хўжалигига инновацион технологияларни жорий этиш, 4,6 % ижтимоий, 3,8 % инвестицияларни жалб этиш ва экотуризмни ривожлантириш ва 15,5% – бошқа масалаларга тегишли мурожаатлардан иборат.

Қайд этиш лозимки, ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлаётган масалалар юзасидан қўмита йиғилишида Қўмита раҳбарлари томонидан муҳокама қилиб борилади.

Алоҳида таъкидлаш керак, ижтимоий тармоқлар орқали ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган ислохотлар натижалари тўғрисида ва бошқа масалаларда асосланмаган ахборотлар тарқатилган тақдирда қўмита раҳбаряти билан биргаликда Матбуот котиби томонидан уларга нисбатан зудлик билан раддия бериш ва ҳақиқий ҳолатни акс эттирадиган маълумотларнинг намойиш этилиши таъминланади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раис ўринбосари Шерзод Усмоновнинг сўзларига кўра, фуқороларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этилиши Қўмитанинг долзарб вазифаларидан биридир. Шунга кўра, мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида доимий мониторинглар амалга оширилиши таъминланади.

Шунингдек, мониторинг жараёнларида аниқланган ҳолатлар бўйича раҳбарларнинг жойларда сайёр қабулларини ташкил қилиб оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар мунтазам ташкил этилади. Ҳар ҳафтанинг жума куни мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини муҳокама қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб унда мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволини танқидий муҳокама қилиниб келинмоқда. Шу билан бирга такрорийларининг кўпайиши ҳолатлари ҳамда мавжуд хато ва камчиликларнинг сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, келгусида уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, тасдикланган графикка асосан аҳоли билан учрашиш учун сайёр қабуллар ўтказилади.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева