Маълумотларга кўра, Ўзбекистон — ўрмонлар майдони кам бўлган мамлакат. Ҳисобларга кўра, улар 3,68 миллион гектарни эгаллайди, бу мамлакатдаги барча ер майдонларининг 8,6 фоизига тўғри келади. Сўнгги 30 йил ичида ўрмонлар майдони чорвачиликнинг назоратсиз ривожланиши (тартибсиз боқилиши), турли соҳаларда фойдаланиш учун ёғочга бўлган талабнинг ортиши ва энергия манбалари жуда тақчил бўлган қишлоқ жойларида ёқилғи сифатида ишлатилиши, шунингдек, ўрмон ҳудудлари ҳисобидан суғориладиган деҳқончиликни кенгайтирилиши ҳисобига камайди. Ўрмонлар деградациясига сабаб бўлган яна бир омил иқлим ўзгариши бўлиб, бу ёнғинларнинг кўпайишига, зараркунандалар ҳужумига ва ўрмонларда дарахтлар касалликларининг ошишига олиб келди.
Ўзбекистоннинг 70 % ёки 31,4 миллион гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлар тарқалган ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир.
Ўрмон барпо қилиш орқали кўчма қумларни мустаҳкамлаш, ернинг устки қисмида шамол тезлигини камайтириш, қум, чанг бўронларини тўхтатиш мумкин. Олимларнинг олиб борган изланишлари шуни кўрсатдики, 3 ёшли саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 ёшда 79,5 фоизга камаяди ва
7 ёшда бутунлай тўхтайди. 1 туп ўрта ёшли саксовул ўз илдизи билан 10 тоннагача қумни мустаҳкамлайди ва кўчишига йўл бермайди.
1 гектар саксовул ва черкездан иборат ўрмонзор йил давомида 1135 кг. карбонат ангидрид газини ютиб 835 кг. кислород ажратади. Бу эса ҳаво таркибини яхшилайди, атроф-муҳитни ифлосланишига чек қўяди.Инсоннинг саломатлиги кўп жиҳатдан атроф-муҳит экологик ҳолатига боғлиқ. Экологик ҳолат қанча яхши бўлса, инсон соғлиғи ҳам шунча яхши бўлади. Кўп ҳудудларда чўллар саксовул ва бошқа буталарсиз қолган, чанг, қум эса тобора шаҳар ва туман марказларигача кириб бормоқда. Ҳозирги кунда кўпгина шаҳар ва туманларнинг исталган ҳудудида қум ва чанг уюмларини топиш мумкин. Бундай ҳолатлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Давлатимиз томонидан айни шу муаммолар ечимини излаш ва мавжуд вазиятни юмшатиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, халқаро битимлардан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ, ер усти ва ички чучук сувли экотизимлар, жумладан ўрмонлар, сувли ботқоқли ҳудудлар, тоғлар ва қурғоқчил ерларни сақлаш, тиклаш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича Оролбўйи минтақаси жорий йилда 208 минг гектарда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Жумладан, Мўйноқ туманида 107 минг гектар, Навоийда 50 минг гектар, Бухорода 40 минг гектар ва Хоразмда 11 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди.
Ўрмонларнинг барча турларидан оқилона фойдаланиш усулларини жорий этишга кўмаклашиш, ўрмонларнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш, емирилган ўрмонларни тиклаш ҳамда ўрмонзорлар ва ўрмонларни тиклаш кўламини жиддий равишда кўпайтириш бўйича Республикамизда жорий йил баҳор мавсумида мелиоратив объектлар атрофида, дала четларида 2000 гектар атрофида иҳота дарахтзорларини барпо этилди.
Шунингдек, 2030 йилгача тоғ экотизимларининг, шу жумладан уларнинг биохилмахиллиги, сақланишини барқарор ривожланиш учун зарур бўлган неъматларни яратиш салоҳиятини кучайтириш мақсадини таъминлаш бўйича Ўрмон фондининг тоғ-тоғ олди ва бошқа ҳудудларида жами 2,2 минг гектар майдонда ёнғоқмевали, шундан 1,5 минг гектар писта, 610 гектар бодом ва 130 гектар ёнғоқ плантациялари ташкил этилди.
Республикамизнинг ўрмон билан қопланганлик даражаси атиги 7,2 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Россияда 55 фоизни, Болтиқбўйи давлатлари, Грузия, Молдовада 34-38 фоиздир. Агар республика умумий ер майдонининг 80 фоизи чўл ва қурғоқчил ҳудудлардан иборат эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу жуда кичик ҳажмдир.
Белгиланган қонунчиликка кўра, ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилиши учун ижара асосида фойдаланишга берилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўрмонларни қайта тиклаш ва ўрмонлаштириш тадбирларини жадаллаштириш эвазига 2030 йилга бориб ўрмон билан қопланган майдонлар 6,1 миллион гектарга етказилиб, республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражаси 15 фоизга етказилади.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева