Давлат рамзлари

Дарахтлар шаҳар ҳароратини қандай сақлайди?

Дарахтлар ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди: улар карбонат ангидридни биз нафас олувчи кислородга айлантириб беради, иссиқ кунда салқинликни ҳадя этади, баъзи дарахтларнинг саломатлик учун фойдали бўлган ширин мевалари истеъмол қилинади.Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асарлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган ўғил болага атаб ерга ниҳол қадамаган.

Яна бир эътибор беришимиз лозим бўлган жиҳат бу – атмосферанинг ифлосланишидир. Тирик организм сувсиз ва овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин. Аммо ҳавосиз 5 дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво таркибининг ўзгариши, яъни унинг ифлосланиши нафақат инсонга балки барча тирик жонзотларга салбий таъсир кўрасатади. Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда атмосфера асосан, автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар ва шу каби қурилмалар чиқараётган чиқинди газлар сабабидан ифлосланмоқда. Биз атмосферани тозалаш учун автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар фаолиятини тўхтатиб қўёлмаймиз, албатта. Фақатгина уларнинг зарарларини камайтиришимиз мумкин холос.

Ерга ниҳол қадаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунончи, ўтган йил ноябрь ойининг 3–5 кунлари юртимизда кузатилган чанг бўрони фикримизни тасдиқлайди.

Бугунги кунга келиб кўчат экиш, юртни яшил оламга айлантириш Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан умуммиллий ҳаракатга айланди.

Тадқиқотларга қараганда, бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220 — 275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180 — 215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади.

Маълумки, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, экиладиган кўчатлар сифатли ва стандартга мос бўлиши шарт: штамби ва шох-шаббаси керакли катталикда, шакли ва ривожланиши нормал ҳолда бўлиши талаб этилади.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан республикамизда шаҳар, туман, ва аҳоли яшаш пункитларини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштиришда ишлатиладиган манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларининг ҳудудлар бўйича тавсия этилган турлари, уларнинг қисқача тавсифи, кўчатларни экиш, парваришлаш, суғориш, шакл бериш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш чоралари тўғрисидаги тавсиянома ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Шунингдек, экилиши белгиланган кўчатларни етказиб бериш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилиниб, кўчатчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 75,8 миллион дона (38%), кўчатчилик бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан 90 миллион дона (45%) ва давлат ўрмон хўжаликлари томонидан 34,2 млн дона (17%) етказиб берилиши белгилаб қўйилган.
Кўкаламзорлаштиришда ишлатиладиган дарахт-буталар нафақат шаҳар ва аҳоли яшаш жойларининг кўркамлигини таъминлайди, балки кишиларга эстетик завқ бағишлайди, кўча шовқинни ютади, асабларни тинчлантиради ва энг муҳими атмосферани мусаффолигини таъминлайди. Шу сабабли ҳам кўкаламзорлаштириш мақсадида фойдаланиладиган манзарали дарахт-бута турларини тўғри танлаш ва уларнинг ассортиментларини вилоятларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда тавсия этиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги 93-сонли қарорининг 10-банди ижросини таъминлаш, шунингдек давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш, республикамизнинг иқлим ва тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда давлат ўрмон фондига кирмайдиган ҳудудлардаги аҳоли турар жойларида манзарали дарахт ва буталарни экиш, парвариш қилиш, буташ, кесиш масалаларини қамраб олган ҳолда ушбу тавсиянома ишлаб чиқилди. Бу эса кўчат етиштирувчи корхона ва хусусий ташкилотлар олдига кўкаламзорлаштиришни сифатини ошириш учун сифатли ва таннархи арзон, маҳаллий шароитларга мослашувчан, кўркам, хушманзара гуллайдиган, эстетик завқ берадиган стандарт талабларга жавоб берадиган манзарали дарахтлар кўчатларини кўпайтиришни таъминлайди.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева