«Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак». Давлатимиз раҳбарининг халқимиз қалбидан жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, уларнинг ғоявий ўзагига айланди.
Барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни сифатли ижросини таъминлаш эса давлат органлари томонидан белгиланган вазифа ва функцияларини нечоғли пухта ва самарали амалга оширишига бевосита боғлиқдир.
Ривожланган хорижий мамлакатлар давлат бошқарувида кадрлар сиёсатини шакллантиришда давлат хизмати муҳим ўринни эгаллайди. Шу сабабли, давлат бошқарувида олиб бориладиган ислоҳотлар, биринчи навбатда, давлат хизматини тўғри ташкил этиш ва самарали амалга оширишни назарда тутади.
10 та боб ва 64 та моддадан иборат “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни давлат органларининг давлат хизматини тартибга солиш соҳасидаги асосий ваколатларини белгилаб беради. Шунингдек, унда давлат хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, иш билан таъминлаш тамойиллари ва ушбу соҳадаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш механизмлари белгиланган. Қонун билан кадрларни очиқ танлов орқали саралаш тизими жорий этилди ва давлат хизматчисининг хизмат давридаги фаолияти тўлиқ кафолатланади. Унга кўра, эндиликда давлат хизматчилари хизмат поғоналарида эркин фаолият юритиши мумкин бўлиб, иш вақти ва хақ тўлашнинг шакллари ҳуқуқий жиҳатдан аниқ механизмлар асосида тартибга солинмоқда. Қонун вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ўтказилаётган тарғибот тадбири давомида мазкур қонунчилик ҳужжатининг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр юритилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қонун соҳага оид маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида тайёрланган.
Қайд этиш лозимки, Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.
Тадбир давомида Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан иштирокчилар томонидан муҳим фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтилди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева
