Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибида бўлган «Зарафшон» миллий табиат боғи Давлат экология қўмитаси тизимига ўтказилди. Мутасадди идора томонидан боғ бўйича низом ишлаб чиқиш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни 3 ой ичида амалга оширилади.
Маълумки, жорий йил 10 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Зарафшон» миллий табиат боғини Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказиш тўғрисида»ги қарори тасдиқланди. Мазкур қарорга кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Жомбой ва Булунғур туманларида жойлашган «Зарафшон» миллий табиат боғи Экоқўмитага таркибига киритилиши белгилаб қўйилди. Умумий майдони 2426,2 гектар бўлган боғни топшириш ишлари бўйича комиссия тузилган ва унинг раҳбари, бир вақтда Экоқўмита раиси Нарзулло Обломуродов боғнинг мол-мулклари, объектлари ва ёввойи ҳайвонларини хатловдан ўтказади.
Шунингдек, келгусида боғ ҳудудида экологик назорат кучайтирилади. Фанлар академияси билан биргаликда боғ ҳудудида табиий объектлар мониторинги йўлга қўйилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, «Зарафшон» миллий табиат боғи бугунги кунга қадар, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида бўлган. Боғнинг умумий майдони 2426,4 гектарни ташкил қилиб, унинг 1772 гектари қўриқ бўлими ҳисобланади, дам олиш ҳудуди 352 гектарни ташкил қилади. Бу ҳудудда учта туристик йўналиш ташкил қилинган. Биринчи йўналишда Зарафшон тилларанг қирғовули ва қушларни кузатиш мумкин. Иккинчи йўналишда эса Бухоро хонгули буғулари билан танишиш кўзда тутилган. Ҳозирда учинчи йўналиш боғнинг бетакрор ўсимлик дунёси, табиий ландшафти билан боғлиқ.
Боғда сут эмизувчиларнинг 24 тури, қушларнинг 207 тури, балиқларнинг 18 тури, судралиб юрувчиларнинг 10 тури, ҳашоратларнинг 88 тури мавжуд. Ўсимликларнинг 300 тури учрайди. Уларнинг 80 тури доривор, 20 тури декоратив, 23 тури саноат учун мўлжалланган. Боғдаги мавжуд Зарафшон қирғовули, Ўрта Осиё қундузи ва Бухоро хонгули буғуси “Қизил китоби”га ҳамда халқаро “Қизил китоб”га киритилган.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева