Юртимиз ҳайвонот дунёси бой ва хилма-хилдир. Бугунги кунга келиб, ҳайвонот дунёсининг яшаш маконлари – муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдони кенгаймоқда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини муҳофаза остига олиш, кўпайтиришга эришилмоқда. Бухоро буғуси, жайрон, сайғоқ, қор қоплони каби жониворларни асраш, уларнинг яшаш тарзини ва тарқалиш ореалларини ўрганиш ҳамда айрим турларини кўпайтириш бўйича бажарилаётган лойиҳалар бунга мисолдир.
Соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида 1992 йил 12 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси ташкил этилган.
2019 йил бошида бошқарма тизимида жами 12 та (Зомин, Зарафшон миллий табиат боғлари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Зомин, Нурота, Қизлқум ва Сурхон давлат қўриқхоналари, Далварзин, Қолгансир, Қоракўл, Қозоқдарё ва Қўнғирот давлат ўрмон ов хўжаликлари) хўжалик бўлиб, шундан 2 та миллий табиат боғи, 1 та биосфера резервати, 4 та давлат қўриқхоналари ва 5 та давлат ўрмон ов хўжаликларидан ташкил топган.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан, бошқарма тизмидаги 5 та хўжалик (Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Зомин, Нурота, Қизлқум ва Сурхон давлат қўриқхоналари) белгиланган тартибда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказиб берилди.
Кейинчалик Нурота, Фориш, Қоровулбозор, Хоразим, Муборак давлат ўрмон ов хўжаликлари ва Оролбўйи миллий табиат боғи ташкил этилган. 2021 йил бошидан бошқарма тизимида 14 та хўжалик мавжуд бўлиб, шундан 4 та миллий табиат боғлари ва 10 та давлат ўрмон ов хўжаликлари фаолият юритиб келмоқда.
Бугунги кунда белгиланган қонунчиликка кўра, ҳайвонот дунёси мониторингини юритиш ва ушбу соҳада экологик назорат амалга оширилиши тартиб-тамойиллари, унинг субъектлари аниқ белгилаб берилган.
Ов қилиш учун ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун берилган рухсатномаларда кўрсатилган муддатларда ва жойларда йўл қўйилиши, жисмоний шахсларга спорт ва ҳаваскорлик мақсадида ов қилиш учун рухсатнома овчилик билети, овчилик қуролини сақлаш ва олиб юриш учун рухсатнома бўлган тақдирдагина берилиши кўрсатилган, дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлар бошқармаси бошлиғи Ф. Фазлиев. – Маълумки, табиатнинг барча неъматлари каби жониворларнинг ҳамма турлари ҳам умуммиллий табиий бойлигимиздир, уларни ноқонуний равишда юртимиздан четга олиб чиқиш мумкин эмас. Ҳайвонларни хориждан мамлакатимизга олиб киришнинг ҳам ўз тартиб-тамойиллари бор.
Шунингдек, Ф. Фазлиев томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси томонидан ёввойи ва ноёб ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва об-хавонинг ноқулай шароитида озиқлантириш мақсадида биотехник тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, ов хўжаликларининг бир қисмида ер майдонларига жўхори, беда ва бошқа турдага озуқабоб ўсимликлар экилиб ёввойи ҳайвонлар озиқланиши учун қолдирилади. Бошқарма тизимидаги миллий боғларнинг илмий бўлими томонидан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ўрганиш учун бир қатор илмий мавзуларда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Келгусида миллий табиат боғлари ва ов хўжаликлар сонини кўпайтириш ва ер майдонларини кенгайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева