Яқин 50 йилда сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик қарийб 50 фоизга камайиши ва бу аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Хўш, экология нима?
Инсоният тамаддунининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва наботот олами инсон ҳаётий фаолияти учун зарур эҳтиёж манбаи бўлиб келган. Техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган ХХI асрда экология, биохилма-хилликни асраш, табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар бир минтақа ёки бир мамлакатгагина эмас, балки барча қитъаларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, инсоният олдидаги долзарб вазифалардан бири — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик ҳисобланади. Ахир экологлар яқин 50 йилда сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик қарийб 50 фоизга камайиши ва бу аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида бизни бежиз огоҳлантирмаяпти.
Табиатда турларнинг ривожи бамисоли занжирдек бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Одамзод ривожланишининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва наботот олами инсон фаолияти учун зарур эҳтиёж манбаи бўлиб келган. Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради. Ушбу маълумотларни бежиз келтирмадик.
Биз тежаган ҳар бир томчи сув, ҳар бир яшиллик олами табиат билан дўстликка қўйган қадамимиздир. Барча бирлашса, уммон ҳам яратишимиз мумкин. Зеро, инсоният атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан ёндашиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш, унинг неъматларини келгуси авлодларга бекаму кўст етказишга масъулдир.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева