Бугун дарахтларга масъулиятсиз муносабат учрайди: зич қилиб бетонлаш ёки дарахт танасига яқин қилиб асфальт ётқизиш… Бу каби тадбирлар суғориш, тупроқнинг нафас олиши ва дарахт ўсиши учун жой қолдирмайди.
Ҳозирги кунда дунё мамлакатларида кўплаб ўрмон ва дарахтлар турли омиллар натижасида йўқ бўлиб кетаётгани барчани ташвишга солмоқда. Жумладан, баъзи дарахтлар инсонлар томонидан хомашё сифатида кесилиб йўқ қилинса, бошқа томондан табиий омиллар сабабли ўрмонларда ёнғинлар кузатиляпти.
Дарахтлар шаҳар ҳароратини қандай сақлайди?
Дарахтлар, бошқа ўсимликларнинг барглари ва шоҳлари ёз ойларида қуёшдан келаётган иссиқлик қувватининг фақат 10-30 фоизини пастга ўтказар экан. Натижада ер устида ҳарорат мўътадил бўлар экан. Шундай фойдали бўлган неъматни асрайлик, асрайлик…
Кўчат экиш, боғ яратиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналади. Оталарнинг фарзандига атаб дарахт экиши ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилган. Маълумки, Ўзбекистонда манзарали кўчатларни экиш бўйича ҳар йили экологик акциялар ўтказилади.Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – таълим муассасаларида кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ёшларни атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашда фаоллиги ва масъулиятини янада ошириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар-жойлари атрофини бундан-да кўркам кўринишга келтиришдан иборат.
Маълумки, янги экилган дарахтлар яхши ўрнашиб олиш учун катта миқдорда сув талаб қилади, шу сабабдан уларни мунтазам ва етарлича суғориб туриш уларнинг яхши ўрнашиб олиши ва жадал ривожланишида муҳим ўрин тутади. Яхши ўрнашиб олгандан сўнг (экилгандан 2-3 ҳафтадан ўтиб), янги экилган дарахтларга қуруқ об-ҳаво шароитларида ҳафтасига камида 38-40 литр сув бериш (туп сонига) тавсия қилинади. Умуман олганда, дастлабки 2 (икки) мавсум давомида янги экилган дарахтлар ҳафтасига 1 (бир) ёки 2 (икки) маротаба яхшилаб қондириб суғориб турилса улар яхши ривожланади. Албатта томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилган боғларда бу муаммо бўлмайди, лекин суғориш суви кам бўлган ҳудудларда бу муаммо бўлиши мумкин. Бундай ҳудудларда ёз ойлари дарахтлар сувсизликдан кўп стрессга тушади ва бу уларнинг ривожланишига салбий таъсир қилади.
Иқлим ўзгариши XXI асрнинг глобал муаммоларидан бири сифатида тез-тез тилга олинаётган ва кўп муҳокама қилинаётган жараёндир. Охирги йилларда иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган ҳодисалар дунёнинг деярли барча қисмларида кузатилмоқда. Хўш, иқлим ўзгариши нима ўзи, унинг Ўзбекистонга таъсири қандай, мамлакатни қандай хавфлар кутмоқда, ҳукумат бу борада нима ишлар қиляпти?
Иқлим қайсидир даврда иссиқ, қайсидир даврда совуқ бўлган. Аммо охирги йилларда иқлим ўзгариши олдинги даврларга нисбатан жуда тез кечяпти. Авваллари совиш иқлимий давридан исиш даври ёки исиш давридан совуқ иқлимий даврларга ўтиш учун миллионлаб, ҳаттоки миллиард йиллар кетган. Бу туфайли иқлим ўзгаришида кескин жараёнлар жуда ҳам секин рўй берганини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин.
Сув заҳиралари камаймоқда, шунинг учун суғоришнинг бошқа йўлларини излаган ва уни амалда қўллаган маъқул. Масалан, республиканинг йил давомида 180-300 мм оралиқда ёғин ёғадиган адир, тоғ олди ва айрим текислик минтақаларида мулча, бепоён чўл ва чалачўл минтақаларида экилган кўчатларга эса гидрогел ўғитини қўллаш усули ўз самарасини бериши мумкин. Мулча усули ёрдамида боғ яратишда суғориш талаб этилмайди. Тупроқ намини пленка ёрдамида ушлаб қолиш эвазига яшиллиликни барпо этиш мумкин. Гидрогел ўғитлари эса қиш-баҳор ойларида ёғган ёғин ҳисобига, чўл ва чала чўлларда тупроқ намини узоқроқ ушлаб туриш хусусиятига эга. Бу суғориш усуллари бўйича илмий сферада олимларимиз узоқ йиллик илмий ва амалий тадқиқот ишларини олиб борган.
Сувни исроф қилишнинг гуноҳи эса исрофлар ичида энг оғиридир. Чунки, ушбу неъмат исрофи оқибатидан жуда катта зарарлар келиб чиқиши мумкин. Ҳар бир қимирлаган жон борки, унинг ҳаёти сув биландир.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг 98 фоизи суғорма деҳқончилик ҳиссасига тўғри келади.
Дунё афкор оммаси сув танқислигининг олдини олиш юзасида бош қотираётган бир паллада, серқуёш диёримизда сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сарфланаётганини эътиборга олинсак, бу беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш қанчалик долзарб масала эканлигини англаш қийин эмас.
Тадқиқотларга кўра, яқин 20 йил ичида Ўзбекистонда сувга бўлган талаб сезиларли ошади ва мавжуд сув ресурслари кескин камаяди, бу эса жорий сув танқислигини беш баробаргача оширади. Бу даврга бориб Ўзбекистон сув танқислиги бўйича қизил ҳудудлар қаторига киради.Марказий Осиё океан ва денгизлардан олисда жойлашган, қурғоқчил ҳудуд бўлгани сабаб, бу ерда сув манбалари стратегик аҳамият касб этади. Минтақа давлатлари сув ресурслари нуқтайи назаридан иккига ажратилади. Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби давлатлар «қуйи оқим», Тожикистон ва Қирғизистон эса «юқори оқим» мамлакатлар сифатида кўрилади.
Жаҳон банки экспертларига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 2050 йилда Марказий Осиёда чучук сув тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин. Айни пайтда бутун сайёрамизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологияга бўлган муносабат энг долзарб масалалардан бирига айлангани сир эмас. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган кўплаб вазифалар орасида кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш, мавжудларини авайлаб-асраш алоҳида ўрин тутади.
Охирги йилларда айрим мамлакатларни муаммоларга юзмаюз этган чанг-тўзонлар чегарани билмайдиган бир мушкулот ҳисобланади ва унинг кенгайиши эса кўп мамлакатларни ўз таъсири остига олмоқда. “Агар дунёда чанг бўлмаганида, инсон минг йил умр кўрарди”, деб айтган эди улуғ аллома, тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино. Атроф муҳит мусаффолигини таъминлашда эса, дарахтлар инсониятнинг беминнат кўмакдошларидир. Улар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади. Маълумотга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 трлн. атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда. Афсуски, бу борадаги аҳвол мамлакатимизда ҳам мақтанарли даражада эмас.
Чанг-тўзонлар мамлакатларнинг ҳосиладорлиги кенг ерларининг бўзилиши ва чўл-биёбонга айланиши ҳамда ўрмонзорлар ўсимликларининг турлари йўқ бўлиб кетиши сабабига айланади. Бунга қўшимча бу ҳодиса экинзорлар ҳосилдорлигининг камайиши ва иқтисодий ривож-равнақ топиш мезонининг камайишига олиб келади. Шундай мамлакатлар борки, ушбу муаммони бартараф этиш йўлида сайъ-ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон ва Марказий Осиё шароитида сув ресурслари чекланган бўлиб, сувга бўлган талаб ошиб бормоқда. Жойларда сувни ишлатиш, ундан фойдаланиш самарадорлиги атроф муҳит муҳофазаси ва табиий ресурс сифатида сувдан фойдаланишни барқарорлигини кўрсатади.
Унутмайлик, сувсизлик, қурғоқчилик бугун бутун дунёни хавотирга солаётган долзарб муаммолардан биридир.Оёғимиз остидаги ҳар-бир яшиллик эса бизни келгусида қурғоқчилик офатларидан сақлаб қолишга хизмат қилади.Сувни тежаб ишлатиш, яшилликни асраш барчанинг инсоний бурчига айланмоғи лозим!
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева