Бугунги кунда ўрмон хўжалиги соҳасида ўрмонлар майдонини кенгайтириш, ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, кўчатчиликни ривожлантириш, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштириш каби бир қатор долзарб вазифалар белгилаб олинган.
Хусусан, ўтган даврда ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида жами 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг ўтган даврида Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида жами 208 минг гектар, шундан Мўйноқ туманида 107 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 50 минг гектар ва Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилиши таъминланди. Маҳаллий аҳоли вакиллари билан биргаликда чўл ҳудудларида “яшил қоплама”лар барпо қилиш тадбирлари учун жами 1 минг тонна саксовул, қандим, қорабуроқ, черкез каби дарахт ва буталар уруғлари тайёрланиб, 171 гектар майдонда ниҳолхоналар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мелиорация объектлари атрофида қум босишига қарши ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун 2 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилди.Шунингдек, фойдаланилмаётган 3 минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилиб, оборотга киритилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 млн донадан ортиқ қаламча ва кўчатлар экилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан биологик усул қўллаган ҳолда 40 минг гектар майдонда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари амалга оширилди.
Мамлакатимизда сўнги 5-6 йилларда павловнияга қизиқиш ниҳоятда ортиб бормоқда. Павловния Ер шарида мавжуд дарахтлардан нафақат энг тез ўсиши билан ажралиб туради, балки ҳаёлий гўзаллик кашф этиб гуллаши, қимматли ёғоч, асал, биомасса манбаи эканлиги билан қадрланади, у манзарали дарахт сифатида истироҳат боғлари, хиёбонларни безайди.
Павловниянинг жуда кўп турлари ва навлари мавжуд.
Ҳозирда мамлакатимизга павловниянинг Шангтон, Томентоза, Гибрид 9501, FTE, Z-07 (Форчуней, Томентоза, Кавками, Элеганта дурагай) навлари кириб келган. Ўрмон хўжалиги олимлари томонидан павловниянинг уруғлари Хитой, Туркия, Жанубий Корея каби давлатлардан олиб келиниб, Ўзбекистон шароитида иқлимлаштирилди. Бугунги кунда павловния кўчатларини 3 хил усулда, яъни уруғидан, вегетатив ва биотехнологик усулларда кўпайтириш йўлга қўйилди. Олинган ижобий натижалар ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.Хусусан, ўрмон хўжаликлари хусусий сектор билан биргаликда жами 2 миллион дона павловния дарахтининг ниҳол ва кўчатлари етиштирилмоқда.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева