Жорий йилда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилганлигининг 5 йиллиги муносабати билан, шунингдек, 2021 йил 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисининг 3-сонли баёнида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича 2022 йил учун “ЙЎЛ ХАРИТАСИ”нинг бажарилиши, шунингдек, қўмита тизими ёшлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинини ҳудудларда ўтказилиши юзасидан 21 июль куни Андижон вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасида “Ёш ўрмончилар форуми” бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси билан бошланди. Форумни Андижон давлат ўрмон хўжалиги директори ўринбосари М.Усмонов, Қўмита марказий аппаратидан масъуллар М.Абдухакимова, К.Холматовлар, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Андижон вилояти раҳбари М.Ғофуровлар очиб бериб, мазкур форумнинг мақсади, вазифалари, ўтказиладиган тадбирлар билан таништиришди.
Дастлаб ўрмон хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ёш кадрлар ва фахрийлар ўртасида “Авлодлар учрашуви” ўтказилди. Унда “Ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган ва бошқа меҳнат фахрийлари ўзлари ишлаган даврдаги ўрмон хўжалигининг ҳолати, иш шароитлари, устозлари, амалга оширган ишлари ҳақида кўплаб маълумотлар билан ҳаётий тажрибаларини сўзлаб бердилар. Тадбирда фахрийлар ёшларга илм олишлари, изланишлари, ўрмон хўжалигини йирик соҳага айлантиришларида омад ва зафарлар тиладилар.
Форум иштирокчилари янги таъмирдан чиққан Андижон давлат ўрмон хўжалиги биноси ва у ердаги шароитлар билан танишдилар.
Андижон шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказда “Бунёдкорлик мўъжизалари” шиори остида “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” номли мотивацион тарғибот тадбири ўтказилди. Мономарказда форум иштирокчилари ёшлар учун яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Эркаклар учун транспорт ва техника воситаларини таъмирлаш, “Akfa” дераза ва эшиклари устаси, электрик-пайвандловчи, аёллар учун пазандалик, тўқувчилик, тикувчилик, кўчатчилик, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб касб-ҳунарлар ҳақида маълумот берилди. Мономарказда барча ўқитиш ишлари давлат томонидан бепул амалга оширилиши, ўқишни хоҳловчиларга барча шароитлар мавжудлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Андижон давлат ўрмон хўжалиги биносига қайтилгач, “Маърифатли жамият сари” номли ҳуқуқий-маърифий тадбири ўтказилди. Мазкур тадбир ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган бўлиб, сўнгги пайтларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ижроси, китобхонлик борасида фикрлар билдирилди. Ёшлар ўзларининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, лойиҳани амалга оширишда учраётган камчилик ва нуқсонлар, ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича янги таклифларини беришди.
Куннинг иккинчи ярмида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат Дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, ушбу ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб етишишлари ҳамда жамиятда ўз ўринларини топишларида кўмаклашиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизими ёшлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. “Заковат” интеллектуал ўйини Андижон вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасининг “Бобурийлар” жамоаси, Фарғона вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасининг “Яшил макон” ҳамда Наманган вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасининг “Юксалиш” жамоалари ёшлари ўртасида бўлиб ўтди. Унда ўйин натижаси 1:0:0 ҳисоб қайд этилиб, “Юксалиш” жамоаси кейинги босқичга йўл олди. Орада танаффус эълон қилиниб, тушлик ташкил этилди.
Андижон шаҳридаги “Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби”нинг асосий ўйингоҳида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Соҳа ходимлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида марказда футбол майдонида ҳар учала вилоят ўрмон хўжалиги эркаклари ўртасида мини футбол ташкил этилди. Унда жамоалар ўртасида дуранг ҳисоб қайд этилиб, дўстлик ғалаба қозонди. Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида стол тенниси, шахмат, шашка, армреслинг каби спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.
Кечки пайт ўтказилган учрашув, суҳбат, тадбир, ўйин, мусобақалар якуни бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўрмон хўжалиги тизимида фаоллик кўрсатаётган ёшлар ҳамда “Заковат” ўйини иштирокчиларига “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Тақдирлаш маросими куй-қўшиқ, рақсларга уланди.


