Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Экиладиган ҳар бир ўсимлик ёки дарахт кўчати муайян агротехник босқичлардан ўтгачгина яхши ўсиши мумкин

Маълумки, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида экиш учун иқлим шароитига мос дарахтлар танлаб олинади. Мутахассислар томонидан мамлакатимиз ҳудудларида экиш учун каштан, оққайин, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павлония, терак, акация, чинор, тут, жийда, ёнғоқ, беҳи, узум, қрим қарағайи ва виргин арчаси каби 27 турдаги дарахт кўчатлари таклиф этилган.

Кўчат танлашда ҳар бир вилоятнинг иқлими ва тупроқ таркиби инобатга олинади ҳамда қайси ниҳол униб кетишига жиддий эътибор қаратилади.

Ўрмон хўжалиги давлат Қўмитаси раиси Н.Бакиров Бухоро вилоятига ташриф буюриб, Бухоро илмий тажриба станцияси кўчатхонасида парвариш қилинаётган тут ва павлония кўчатларини томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш, ҳашарот ва касалликларга қарши курашиш, минерал ва органик ўғитлар бериш ҳамда вегетация давридаги ишловларини кўздан кечирди.

Павловния дарахти жуда тез ўсувчи ўсимлик бўлгани боис, ерга экилган ниҳол бир йилда 5 метргача бўй чўзади. Илк йилдаёқ мингта дарахтдан минг тоннагача биомасса олиш мумкин. Бугунги кунда кўпчилик учун янгилик бўлган павловниядан юртимизда декоратив дарахт сифатида кўчалар, дам олиш масканлари, хиёбонлар ландшафт дизайнида аввалдан фойдаланилади. Аммо жаҳонда қимматбахо ёғоч олиш мақсадида экиладиган павловния дарахти нафақат декоратив кўриниши, балки қимматли хусусиятлари билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради.

Қўмита раиси соҳа вакилларига кутилган натижага эришиш учун, аввало, ерга яхши ишлов бериш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш талаб этилиши таъкидлади. Экиладиган ҳар бир ўсимлик, дарахт кўчати муайян агротехник босқичлардан ўтгач яхши ўсиши мумкинлигини қайд этди.

Шунингдек, Н.Бакиров Жондор давлат ўрмон хўжалигида 4 гектар майдонда тут уруғидан ниҳол етиштириш жараёнини кўздан кечирди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил макон” ташаббуси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгилаб қўйилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро вилояти ҳокимлиги, туман (шаҳар) ҳокимликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси ва барча тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда 15 миллион 469 дона манзарали, мевали дарахт кўчати экилиши режалаштирилган.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева