Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида ташкил этиш, раҳбар ходимларни халқ билан мулоқотга киришлари учун асос яратиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Бухоро вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг чегара масалалари, режим ва кадрлар бўйича ўринбосари Шерзод Усмонов иштирокида фуқаролар билан шахсий сайёр қабул ва қўмита тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш бўйича ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Мутасаддилар иштирокида ўтказилган сайёр қабулда ўрмон фонди ерларида фойдаланиш истагини билдирган фуқароларга қонунчиликка кўра, фақат тегишли тартибди асосан фақат аукционда иштирок этиш орқали олиш мумкинлиги ва маълум муддатга ижара шартномаси орқали фойдаланиб туриш шарти билан берилиши тушунтирилди.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан асосан ижара тўловлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, балиқчилик, кўчатчилик ва бошқа экинларни экиш учун ер ажратиш каби масалаларда 15 та мурожаат келиб тушди. Савол-жавоб ва кескин мунозараларга бой ўтган қабулда мурожаатларни 10 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди, 5 таси бир ҳафта муддат ичида кўриб чиқилиб ҳал этиладиган бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш керак бугунги кунда 12 миллион гектар ўрмон хўжалигига қарашли ер майдонлари мавжуд бўлиб, шундан 3 миллион 200 гектари тўлиқ ўрмон билан қопланган майдонлардан иборат. Қолган ерлар очиқ майдонлар бўлиб суғориладиган, лалми, дашт ва тоғ ҳудудларидан ҳисобланади. Ушбу ерлар фуқароларга қишлоқ хўжалигида деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик, кўчатчилик ва бошқа мақсадларда фойдаланишга узоқ муддатга ижарага берилади.
Шунингдек, қўмита тизими ходимлари иштирокида бўлиб ўтган семинарда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раис ўринбосари Ш.Усмонов иштирокчиларга жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат коррупция эканлигини, шу сабабли юртимизда коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни илдизи билан йўқ қилиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева


