Суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш Ўрмон хўжалиги давлат Қўмитасининг асосий вазифаларидан биридир.
Кўкаламзорлаштиришда қўлланиладиган манзарали дарахтлар ва буталар турларини кенгайтириш, ўлкамиз шароитларига мослаша оладиган нав ва шаклларини излаб топиш, илмий даражада асосланган технология бўйича парваришлашни тадбиқ этиш – бугунги куннинг долзарб масалаларидан саналади.
Самарканд вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи З. Жамолов, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассиси А. Сагдуллаев, “Ўрмонлойиҳа” лойҳалаш институти, вилоят ўсимликлар карантини инспекцияси туман ҳокимлиги муттахассислари иштирокида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш бўйича 2022 йилда Иштихон ДЎХ томонидан ташкил этилган иҳота дарахтзорларини парвариш қилиш, агротехник тадбирлар ўтказиш ва суғориш ишларини амалга ошириш бўйича амалий семинар ташкил этилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ҳудудларда ташкил этилаётган иҳота дарахтзорлари иқлимни мўтадиллаштириб гармсел шамолларидан табиатга ва экинларга зарар етказишдан ҳамда қум ва тупроқ кўчишидан химоя қилади. Жийда, қайрағоч ва тут каби дарахтлар ернинг захини олади, шўрланишни камайтиради ва тупроқ эрозиясини олдини олади. Бундан ташқари, пахтачиликда иссиқ гармсел шамолларидан, зарарли ҳашоратларини кўпайишидан ва экинларни баргларини қовжиратиб ҳосил ташлашдан ҳимоя қилади ва нам сақлайди.
Семинарда вилоятдаги барча ўрмон хӯжаликлари раҳбарлари ва бош ўрмончилари қатнашиб, лойиҳа асосида иҳота дарахтзорлари барпо этиш схемаси, экиш усуллари, парваришлаш, қўриқлаш, сақлаш ва суғориш ишларини тўлиқ ва сифатли қилиб ўтказиш бўйича чора-тадбирлари белгиланди. Тадбир давомида Иштихон ДЎХ биолабароториясида етиштирилаётган биомахсулотларнинг турлари ва аҳамияти тўғрисида мутахассислар томонидан керакли тушунчалар берилди.
Шунингдек, иҳота дарахтзорлари учун экилган кўчатларни муҳофаза қилиш бўйича ер эгалари (фермер хўжаликлари) билан яқин ҳамкорликда ишларни ташкил этиш, тушунтириш ишларини олиб бориш, зарур ҳолларда ҳозирги аномал шароитда сув камлигини инобатга олган ҳолда кечки пайт механик усулда ёки техника ёрдамида суғориш каби масалалар ҳам кўрилди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева

