Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Қўмита раиси доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва янги доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиши юзасидан ўз тавсиялари билан ўртоқлашди

Маълумки, мамлакатимизда ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди. Ҳозирги кунда ўрмон хўжаликлари томонидан ноёб турдаги лаванда, дамашқ атиргули, годжи, гуава каби доривор ўсимликларнинг оналик плантациялари барпо этилмоқда, келгуси йилда бу доривор ўсимликлар майдонини 935 гектарга етказиш режалаштирилган.

Хусусан, Наманган вилоятида ҳам туманлар қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайхон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампир ялпиз ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ҳудудлар кесимида ихтисослаштирилиши, бунда 2022 йилдан 2026 йилгача 36 000 гектар майдонда янги доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, қонунчиликка кўра, 2025 йил 1 январга қадар доривор ўсимликларни етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган ер солиғи, фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 50 фоизга камайтирилиши, бунда мазкур хатбошига асосан солиқлардан озод қилинадиган мaблaғлap доривор ўсимликлар плантацияларини кенгайтиришга йўналтирилиши шартлиги белгиланган.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров Наманган вилоятига ташрифи доирасида Учқўрғон туманида бажарилаётган ишлар билан танишди.

Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда қўшимча қиймат занжирини яратиш борасида ўз таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг «Доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида 2022-2026 йилларда 36 минг гектар майдонда қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайҳон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампир ялпиз ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳужжатга асосан, яратилаётган ҳар 10 гектар ер майдонидаги доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ қазиш, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш мақсадида насос станциясини қуришга сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси орқали субсидия ажратилиши режалаштирилган.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева