Мамлакатимизда ёшларни она Ватанга, оилага, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавиятини ошириш, комил инсон бўлиб вояга етказиш; ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларнинг меҳнатга оид қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш; салоҳиятли ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида ҳамда бу борада кенг жамоатчилик, аввало, ёшлар вакилларининг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил топганлигининг 5 йиллиги муносабати билан 28-29 июнь кунлари Самарқанд вилоятида “Ўрмон хўжалиги ёшлари форуми” ўтказилмоқада. Форумда Самарқанд ҳамда Жиззах вилоятлари ўрмон хўжалиги ёшлари иштирок этмоқда.
Форумда бир қанча учрашув, суҳбат, беллашув ва бошқа тарғибот тадбирлари ўтказилади.
Дастлаб ўрмон хўжалиги тизимида самарали фаолият юритган фахрийлар, “Ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар ҳамда ёш кадрлар ўртасида “Авлодлар учрашуви” ўтказилади. Унда меҳнат фахрийлари ўзлари ишлаган даврдаги ўрмон хўжалигининг ҳолати, иш шароитлари, устозлари, амалга оширган ишлари ҳақида кўплаб маълумотлар билан ҳаётий тажрибаларини сўзлаб берадилар.
“Ислоҳотлар инсон қадри, мафаати учун” тамойили асосида кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият уйғунлигини таъминлашга қаратилган тарғибот тадбири бўлиб ўтади. Унда «инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр- қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги, Конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати тўғрисидаги масалалар борасида фикр юритилади.
“Тиллашамиз – диллашамиз” номли суҳбатда Ўзбекистонда давлат тилига эътибор, унинг нуфузи, ўзбек тилининг беқиёс имкониятлари, ҳозирги кундаги масалалар ечими борасида фикрлар алмашинуви ўтказилади.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат Дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, ушбу ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб етишишлари ҳамда жамиятда ўз ўринларини топишларида кўмаклашиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизими ёшлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилади. “Заковат” интеллектуал ўйинининг саралаш босқичида навбатдаги Самарқанд вилояти ўрмон хўжалигининг “Мароқанд” жамоаси ҳамда Жиззах вилояти ўрмон хўжалигининг “Жиззах” жамоаси ёшлари ўртасида бўлиб ўтади.
“Заковат” ўйини миллий спорт мусобақалари билан давом эттирилади. Соҳа ходимлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида футбол майдонида ҳар иккала вилоят ўрмон хўжалиги эркаклари ўртасида кураш, хотин-қизлар ўртасида стол тенниси, армреслинг ташкил этилади.
Ўтказилган учрашув, суҳбат, тадбир, ўйин, мусобақалар якунида ўрмон хўжалиги тизимида фаоллик кўрсатаётган ёшлар ҳамда “Заковат” ўйини иштирокчиларига “Ташаккурнома” ва “Фахрий ёрлиқ”лар, эсдалик совғалари тақдим этилди. Тақдирлаш маросими сўнгида Самарқанд ўрмон хўжалигида фаолият юритаётган ходимлар ижросида қўшиқлар куйланади.
Форумнинг иккинчи кунида миллий қадриятларга содиқлик рамзи сифатида Самарқанддаги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов, Соҳибқрон Амир Темур қабрлари, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари зиёрат қилинади.
Жомбой ўрмон хўжалигида форум иштирокчиларига “Яшил макон”ни бунёд этишда ўрмонларнинг аҳамияти” мавзусида семинар ташкил этилади.
Унда мутасаддилар “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоят бўйича етиштирилган ниҳол ва кўчатлар, қуёш, иқлим ва тупроқ шароитига қараб кўчат экиш амалиёти ҳақида сўзлаб берадилар.
Форум давомида ўрмон хўжалиги тизимида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ўрмон хўжалиги соҳасидаги маҳоратини оширишга қаратилган “Аёллар яшил макон учун” лойиҳаси ташкил этилади.
Шунингдек, тадбирлар давомида Жиззах вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳамда Самарқанд вилоятининг бошқа ўрмон хўжаликларидан келган ёшлар учун “Жомбой ўрмон хўжалиги тажрибаси” ҳамда “Зарафшон миллий табиат боғи тажрибаси” мавзусида амалий семинар ўтказилади. Унда хўжаликда ташкил этилган кўчатхона, иссиқхона, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик ҳақида мутасаддилар, ишчи-ходимлар тўлиқ маълумот бериб, ўз тажрибаларини гапириб беришади. Тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олишади.
