Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 4 мартда «Ўрмон фонди ерларида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Қорақалпоғистон, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ўрмон фонди ерларида «Оролқум», «Поп», «Омонқўтон», «Юқори Тўпаланг» ва «Боботоғ» миллий боғлари ташкил этилади.Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси миллий табиат боғларининг муассиси ҳисобланади.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш шунингдек янги ташкил қилинган миллий табиат боғлари раҳбарларининг тажриба алмашиши ва малакасини ошириш мақсадида Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси ходими Собир Бердиев Сурхандарё вилоятида жойлашган «Юқори Тўпаланг» миллий табиат боғи директори Нуриддин Сатторов ҳамда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Омонқўтон» миллий табиат боғи директори Азамат Амруллаев масъул ходимлар билан биргаликда Угом-Чотқол миллий табиат боғида бўлди. Ташриф давомида улар миллий табиат боғи ҳудуди, эътиборга сазовор рекрацион ҳудудлари ва миллий табиат боғининг йил давомида олиб борилаётган ишлари билан яқиндан танишди. Бундан ташқари, янги ташкил қилинган миллий табиат боғларида ҳам ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда сайёҳларга қандай қулайликлар яратиш мумкинлиги ҳақида тажриба алмашди.
Қайд этилишича, Миллий табиат боғларининг фаолияти Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади. Қабул қилинган ҳужжат билан «Оролқум», «Поп», «Омонқўтон», «Юқори Тўпаланг» ва «Боботоғ» миллий боғларининг ер майдонлари, қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиладиган зоналари учун ажратиладиган ер майдонлари тасдиқланди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева
