Давлат рамзлари

ФОЗИЛМОН” – СЎЛИМ ГЎША

Ёзнинг жазирамали дамларида узоқ вақт чўлу даштларда юриб, иссиқдан роса лоҳас бўлган онларинг қаршингда шовуллаган ўрмонзор, муздек сувли бир ажойиб кўл пайдо бўлса, бир зум ўзингни жаннатга тушгандек ҳис этасан. Табиатга шундай гўзаллик ато этган Яратганга шукроналар айтасан. Барча муаммоларни, мураккабликларни ёддан чиқариб, бир зум бўлса-да, ҳордиқ чиқарасан, ширин хаёлларга бериласан. Қўшработнинг Абдуҳаким Мардиев раҳбарлик қилаётган “Фозилмон” ихтисослашган ўрмон хўжалигида бўлган кишига ана шундай ёқимли фикрлар йўлдош бўлади.
Бу ўрмон хўжалигининг умумий ер майдони 26,5 минг гектарни ташкил қилади. Хўжалик писта, бодом, ёнғоқ ҳамда каврак, дўлана, наъматак, каби доривор ўсимликлар дунёсини ҳам ўз ичига олади.
Ўрмон хўжалиги ҳудудида Фозилмон кўли ҳам мавжуд.
Бундан ташқари бу ўрмон хўжалигида Оқчобсой сув омбори жойлашган. 15 аср охири 16 аср бошларида қуриб битказилган бу кўл дастлаб Абдуллахон номи билан юритилган, ҳозирги кунда эса Оқчобсой сув омбори деб юритилади.
Ўрмон хўжалиги ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонот олами вакилларидан бўри, бўрсиқ, архар кабилар ҳам учрайди.
Тизма тоғлар занжирининг энг баланд жойида қачонлардир табиат қудрати билан яралган ажиб кўл мавжуд. Тоғ номига ҳамоҳанг “Фозилмон” деб аталувчи сеҳрли бу кўлнинг чор-атрофи тоғлар билан ўралган. Юксак чўққи пастидаги ушбу кўлнинг шарқ томонида шаффоф сувли булоқ ўзига чорлайди. Суви муздек. Уни ичган, ича олганлар роҳатланади.
Кўл четида сув анча тиниқ, ўртасига етиб кулранг тусга киради. Сатҳида шу пайтга қадар ҳеч ким аниқламаган ям-яшил ўтлар, тўда-тўда қамишлар ўсган. Кўлда сузиб юрадиган сон-саноқсиз ёввойи ўрдак, оққуш, ғозлар бу ҳудуднинг безагига айланган. Уюр-уюр отлар, қўтоссимон буқалар шу кўлдан ҳар куни сув ичишаркан. Маҳаллий чўпонларнинг айтишларича, кўлдан сув ичган отлар шу кетишда Оқтовга бориб тунаркан.
Ўша отларни шу поёнсиз яйловларнинг қўриқчилари дейишади. Улар тунни Оқтовда ўтказса, кундузи Синтоб яйловларига етиб боради. Сув ичиб, яна Оқтовга қайтади. Оқтов устида ҳам ана шундай яйловлар кўп.
Яна ривоятлардан бирида келтирилишича, ўша отлар Ҳазрат Алининг Дулдул отидан тарқаган насл эмиш. Умуман, кўл ҳақида афсоналар, ривоятлар кўп. Уларнинг бариси ғоят қизиқ, эътибортортар.
Қўшработнинг ана шундай сўлим жойида етти хазинанинг бири бўлмиш ўрмон барпо этилаётганини маҳаллий халқ жудаям хайрли иш деб баҳолайди. Аслида халқимиз ўрмонларимизга иморат “суяги” ва қозон олови сифатида ҳам қарашган. Ҳар икки ўринда ҳам ўрмоннинг ҳақиқий бойлик экани англаниб турибди. Айнан шу жиҳатлари билан ўрмон етти хазинанинг бири, деб эътироф этилади.
Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ,
“Фермер” муҳбири.