Маълумки, Абу Али ибн Сино тарихда ёрқин из қолдирган буюк алломаларимиздан бири бўлиб, унинг бой илмий мероси инсониятга ҳамон ғурур ва ифтихор бағишлаб келмоқда. Аллома Шарқ ва Ғарб илм-фани, маърифати, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатгани боис, ўз даврида «Шайх ур-раис», «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби юксак мақомларга сазовор бўлган. «Тиб қонунлари» асари эса асрлар давомида табобатнинг муфассал қомуси бўлиб қолмоқда.
Мамалакатимизнинг қўхна ва навқирон Самарқанд шаҳрида улуғ бобомиз, табобат илмининг султони Aбу Aли ибн Сино асос солган соҳанинг афзалликларини аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғиб қилиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида “ИБН СИНО МЕРОСИ” халқаро мероси ташкил этилди. Тадбирда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Алижон Маматкаримов ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.
Бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши жараёни кечаётган бир даврда тиббиёт соҳасида қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқаришда доривор ўсимликлар хомашёсига бўлган эҳтиёж кун сайин ошиб бормоқда. Дунёнинг етакчи давлатлари соҳа олимлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг қатор дастурлари ушбу масалани ҳал этишга қаратилган.
Мазкур соҳани ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам қабул қилинган. Ҳужжатларга кўра, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, доривор ўсимликлар афзалликларини аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғиб қилиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва чуқур қайта ишлашда илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш учун «Ибн Сино мероси» халқаро кўргазмасини ташкил этиш белгилаб қўйилган.
Буюк аллома Абу Али ибн Сино турли касалликларни даволашда турли доривор гиёҳ ва ўсимликлардан фойдаланган.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида 1992 йилда “Шифобахш” доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бирлашмаси ташкил қилиниб, унинг тизимида 8 та доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари ташкил қилинган ҳамда фармацевтика корхоналари эхтиёжи учун доривор ўсимликлар хом ашёси етказиб бериш йўлга қўйилган.
Шунингдек, доривор ўсимликлар етиштириш соҳасини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ишларни бевосита илм асосида ташкил қилиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази” ташкил қилинган.
Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимлик турларини кўпайтириш, табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни сақлаб қолиш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш, уларни маданий плантацияларини барпо қилиш бўйича ишларни амалга оширишга кенг йўл очиб берди. Бунинг натижасида бугунги кунда дориворчиликка ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари сони 12 тага етказилди. Шунингдек, 10 та ўрмон хўжаликларини йўналишлари дориворчиликка ихтисослаштирилди. Бундан ташқари ҳужжатларда белгиланганидек, Марказда ишлаб чиқариш билан бир қаторда доривор ўсимликларининг интродукцияси, агротехникаси, уруғчилик ва селекцияси ҳамда кимёвий таркиби ва стандартизацияси бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида 4 та лабораториянинг фаолиятини йўлга қўйиш белгилаб берилди.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида мамалакатимизда доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантацияларини барпо этиш ва хомашёларини тайёрлаш ҳажмлари салмоғи йил сайин оширилишига эришилмоқда.Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида 60 турдан зиёд доривор ўсимликларнинг маданий плантациялари барпо этилмоқда.
Алижон Маматкаримовнинг таъкидлашича, бугунги кунда фармацевтика ва қайта ишловчи корхоналар талабларидан келиб чиққан ҳолда 4-5 минг тоннадан зиёд маданий ва табиий доривор ўсимликларни хом ашё етказиб бериш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда ҳам Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда хусусий секторни жалб қилган ҳолда доривор ўсимликларни етиштириш ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Меҳригиё” хусусий корхонаси билан ҳамкорликда ўрмон фонди ерларида 200 гектардан ортиқ майдонда лаванда, годжи, голубика каби ўсимликларнинг маданий плантциялари барпо этилди. Кластер усулининг дориворчилик соҳасига тадбиқ этилиши халқимиз саломатлиги йўлида табиий доривор ўсимликлардан фойдаланишда янада кенгроқ имконият яратилди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева


