1994 йил 17 июнь куни Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича конвенция қабул қилинди. Шундан буён,
17 июнь -“Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни” сифатида кенг нишонланади. 1995 йилда Ўзбекистон парламенти Конвенцияни ратификация қилди ва 1996 йил 1 январдан бошлаб амал қила бошлади.
Бугунги кунда ер юзидаги 196 та давлат мазкур конвенцияга аъзо. Уларнинг асосий мақсади конвенция низомига амал қилган ҳолда ҳамкорликда Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишдир.
Хўш, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш конвенцияси доирасида қандай ишлар амалга оширилди?
Бугунги кунда барча халқаро жамоатчиликнинг доимий диққат-эътиборини тортган масала ер майдонларида қурғоқчилик ва чўлланиш муаммоларини ҳал қилишнинг барча учун мақбул ечимини излаш, ўзаро келишилган ёндашувларни талаб этади. Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ишларни самарадорлигини ошириш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019 — 2023 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва Ҳукумат томонидан тасдиқланди. Ушбу «йўл харитаси»га асосан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш ишларини амалга ошириш, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси фаровонлигини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси доирасидаги мақсадли вазифалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги фармойишига мувофиқ, Бухоро, Нукус, Урганч, Хива шаҳарлари атрофида маҳаллий турдаги дарахт-буталардан иборат “яшил белбоғ”лар барпо этиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Шу билан биргаликда, чўлланиш даражаси юқори бўлган Хоразм, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг чўл ҳудудларида ҳам Орол денгизи қуриган тубида амалга оширилган улкан ижобий ишларни давом эттириш зарур.
Умуман олганда, қурғоқчил ҳудудларда саксовул, қандим, черкез каби ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этилиши ҳамда чўл зоналарда озуқабоп ҳисобланган чогон, терескан, боялич, қайроук каби ўсимликлар кўпайтирилиши чўлланишга қарши курашиш имкониятини бериш билан бир қаторда биохилма-хилликни сақлашга, чорвачиликни ривожлантиришга, иқлим ўзгаришларига мослашишга, экотизим барқарорлигини таъминлашга, хизмат қилади.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева