Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Қурғоқчилик дунё учун хавфли келажакка ишора қилмоқда 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни

Маълумки, ҳар йили дунёда 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида нишонланади. Қурғоқчилик экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг дахшатли табиий офатлардан биридир.

Пойтахтимизда Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни муносабати билан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда анжуман ташкил этилди.

Соҳа мутахассислари иштирокида ташкил этилган семинарда қайд этилишича, бугунги кунда ернинг таназзулга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик шиддатли тус олмоқда. Бу 2000 йилга нисбатан 29 фоиз кўп ва ҳар йили 55 миллион кишига таъсир қилади. 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Шу боис бу глобал ва долзарб муаммо ҳисобланади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, сўнгги қурғоқчилик дунё учун хавфли келажакка ишора қилмоқда. Сўнгги йилларда озиқ-овқат ва сув танқислиги, кучли қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари кучайган.

Учрашувда илмий-тадқиқот институтлари вакиллари томонидан республикамизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ҳамда қум ва чанг бўронларига қарши Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Дастур ижроси юзасидан маъруза ва тақдимотлар қилинди. БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш Конвенциянинг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг навбатдаги йиғилишини (CRIC-21) 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши муҳокама қилинди.

Шунингдек, мазкур тадбирда Марказий Осиё мўътадил чўллар ташаббуси (CADI) лойиҳаси доирасида 2017-2022 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва чўл экотизимларини иқтисодий баҳолашга бағишланган тренинг ташкил этилди.

Қурғоқчилик кенг миқёда инсониятга зарар етказиш нуқтаи назаридан энг вайронкор табиий офатлардан бири эканлиги боис,мазкур муаммо бугун дунё бўйича глобал ва долзарблигича қолмоқда. Муаммога қарши биргаликда курашиш мақсадида Чўлланиш ва қурғоқчиликга қарши кураш кунининг 2022 йилдаги шиори “Қурғоқчиликни биргаликда енгамиз” деб номланди.

-Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоиз ёки 31,4 миллион гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат, дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Собиржон Умаров.- Улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир. Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли мамлакатимизда яна қўшимча 3 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди. Бугунги кунда соҳага тегишли қабул қилинаётган қонунчиликка кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилган. Ўзбекистонда қум-чанг бўронларига қарши курашиш ва салбий таъсирини камайтириш бўйича Миллий харакатлар режасида белгиланган чора-тадбирлар ҳамда чўлланишни олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ҳалқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро хамкорликни таъминлаш каби ишлар амалга оширилмоқда.

Семинарда тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда, 2017 йилдан буён CADI «Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус» лойиҳаси амалга оширилиб келмоқда. Ушбу лойиҳа, Бирлашган Миллатлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилиб, Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда.

CADI лойиҳаси Ўзбекистоннинг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги аҳолини қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ишларни 2017 йилдан амалга ошириб келади, дейди CADI лойиҳасининг Ўзбекистондаги Миллий координатори Наримон Нишонов.Жумладан, томорқа эгаларига 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари тарқатилган. 120 та томорқа эгалари кичик иссиқхоналар, сутни қайта ишлаш ва сақлаш, шунингдек, ҳунармандчилик (тикув) ускуналари билан таъминланган. 270 га яқин маҳаллий аҳоли вакилларига қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, иссиқхоналарда кўчатхоналар ташкил қилиш, асаларичилик, чорвачилик, сутни кайта ишлаш, тикувчилик ва чеварчилик бўйича ўқув машғулотлар ўтказилган. Бугунги тадбирда кенг манфаатдор шахслар доираси учун ўқув курси ўтказилиб, чўл экотизимларини иқтисодий баҳолаш услублари билан таништирилди.

Таъкидланишича, ФАО/ГЭЖ томонидан амалга оширилаётган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) лойиҳаси қурғоқчиликка учраган ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш амалётларини жорий қилиш кўламларини кенгайтиришга қаратилган. Ўтган давр мобайнида лойиҳа ҳамкорларига 500 минг донадан ортиқ мевали дарахт ва узум кўчат ҳамда қаламчалари, 108 дона кичик иссиқхона, 100 дан ортиқ кичик қишлоқ хўжалиги техника ва асбоб ускуналари, 100 тоннадан ортиқ қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экинлар уруғлари етказиб берилди. Бундан ташқари Ўзгидрометнинг Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидаги станцияларига жами 12 дона замонавий метеостанция ўрнатиб берилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат ўрмон қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза давлат қўмитаси “CADI” лойиҳасининг асосий ҳамкорлари ҳисобланади. Лойиҳанинг умумий мақсади, қурғоқчил ва шўрланган ерлар шароитида хатар ва заифлик даражасини пасайтирадиган, фермерлар ва қишлоқ аҳолисига қурғоқчилик ва шўрланишга қарши курашиш ва бу ҳолатларга мослашишга ёрдам берадиган илғор амалиётларни қўллаган ҳолда табиий ресурсларни уйғунлашган ҳолда бошқариш амалиётлари миқёсини кенгайтиришдан иборат.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассиси Дилрабо Бобоева

Биз зўравонликка қаршимиз!

Биз зўравонликка қаршимиз!

Аёл ожиза, бироқ кучли, аёл заифа, аммо иродали! Унинг иродаси олдида лозим бўлса буюклар бош эгади. Азалдан эркаклар...