Мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини яхшилаш ва ўрмонларни қайта тиклашга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё бошқа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича ривожлантириш мақсадида Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистонга 142 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Алижон Маматкаримовнинг Жаҳон Банки вакили Саши Джумена билан бўлиб ўтган учрашувида шу ҳақда сўз борди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида ташкил этилган учрашувда амалга оширилиши лозим бўлган “Барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасининг бир қанча компанинти мавжуд бўлиб, ҳар бири бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилиши режалаштирилганлиги таъкидланди. Мутахассисларнинг сўзларига лойиҳалар қисқа фурсат ичида ишлаб чиқилади ва амалиётга тақдим этилади.
Қайд этилишича, “Барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси Жаҳон банкининг ягона минтақавий лойиҳаси ҳисобланади. Мазкур лойиҳа Тожикистон республикасида ҳам амалга оширилади. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси икки йилдан буён Жаҳон банки билан Барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш лойиҳаси бўйича муваффақиятли ишлаб келмоқда. Маълумки, ушбу лойиҳа орқали мамлакатимизда чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёргарликни ошириш, деградацияга учраган ерларини ўрмон билан қоплаш, экотуризмни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсад қилинган. Лойиҳани амалга оширишда қўшимча грант маблағлари жалб қилинганлиги лойиҳамизни янада жозибали бўлишига хизмат қилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида яна кўплаб грант маблағлари жалб қилиш имкониятларидан фойдаланилади. Шунингдек, Ўзбекистон 2023 йилда БМТнинг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш конвенцияси ишини кўриб чиқиш комиссиясининг 21 сессиясига ҳам мезбонлик қилади.
- Лойиҳани катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз, дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Алижон Маматкаримов.- Алоҳида таъкидлашим лозимки, лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиё ландшафтларини барқарорлик билан таъминлаш дастури бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёргарликни ошириш орқали ландшафтларнинг мустаҳкамлигини оширишдан иборат. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, муддати 30 йил, шу жумладан беш йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли молиялаштиришни тақдим этади. Лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистондаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадлари йўлида хизмат қилиши кутилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, лойиҳа фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш мақсадли жамғармалар – Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик жамғармаси (3 миллион доллар) ва Барқарор ландшафтлар бўйича глобал ҳамкорлик (8 миллион доллар) ҳисобидан ажратилади. Тасдиқланган лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистондаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилади.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева

