Ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги қандай кечмоқда?
Маълумки, иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилашда ўрмон хўжалиги жуда муҳим ўрин тутади. Ўрмон хўжалиги соҳасида инвестицияларни жалб қилиш ва давлат хусусий шерикликни ривожлантириш борасида амалга оширилаёттган ишлар эса келгусидаги соҳа самарадорлигини белгилаб беради.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида қўмита раиси ўринбосари Ш.Усмонов бошчилигида йиғилиш ташкил этилди.
Йиғилишда , “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар, ўрмон фонди ерларида сув чиқариш ирригация тизимларини модернизация қилиш учун олиб борилаётган ишлар, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалалари, Ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби ҳамда шифобахш ўсимликларни етиштириш каби масалалар муҳокама этилди.
Қайд этилишича, 2020-2022 йилларда қонунчиликка кўра, белгиланган тартибда ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачиларга ижара тўловининг «ноль» ставкасини қўллаш орқали фойдаланишга бериш тизим жорий этилди.
Ш.Усмоновнинг сўзларига кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида Коррупцияга қарши комплаенс назорат бўлимининг 2022 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ, ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Академия томонидан “Коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали идоравий чора-тадбирлар ташкил этилишини таъминлаш” мавзусидаги малака ошириш ўқув курси ташкил этилган.
Жорий йилнинг апрель ойида марказий аппаратнинг 25 нафар раҳбар ходимлари 10 кунлик мазкур ўқув курсида иштирок этиб, ўзларининг билимларини ошириб, улардан 9 нафари ўқув курсида муваффақиятли иштироки учун сертификат билан тақдирланган эди. Шунингдек, 23 май – 2 июнь кунлари ташкил этилган малака ошириш курсида қўмита марказий аппарати ҳамда республика ташкилотларидан жами 30 нафар ходимлар иштирок этди. Ўқув курсида муваффақиятли иштирок этган ходимлардан 14 нафари Академиянинг сертификатлари билан тақдирланди.
-Ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги бугунги куннинг долзарб масаласига айланди, дейди Ш.Усмонов – Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда соҳада иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар қамрови оширилди. Натижада мамлакатимиз ўрмон фонди ерлари кенгайтирилди .
Хусусан, бу борада ишларни юқори босқичга кўтаришда фойдаланилмай турган ерларга асосий эътибор қаратилмоқда. Масалан, Орол денгизининг қуриган тубида иҳота дарахтзорлари барпо этилди, оборотдан чиқиб кетган ўрмон хўжалиги ерлари ўзлаштирилди, озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилди. Тўғри, хали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги бор гап. Жумладан, соҳага хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон ерларини ўзлаштириш, йилқичилик, чорвачилик, уруғчилик, кўчатчилик, туризмни кенг йўлга қўйиш керак.
Йиғилиш сўнггида Ш.Усмонов томонидан малака ошириш курсида фаол иштирок этган ходимларга сертификатлар топширилди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева