Жойларда мавжуд ўрмонларни қўриқлаш, ҳимоя қилиш, иқлим шароитдан келиб чиққан ҳолда тоғ, чўл, водий ҳудудларида шамол, тупроқ эрозиясига қарши ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш ва унга оид тадбирларни амалга ошириш Ўрмон хўжаликларининг асосий вазифасидир.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси раиси ўринбосари А.Маматкаримов томонидан Хоразм давлат ўрмон хўжалиги Янгибозор туманида жойлашган Қақрали ўрмон бўлимида ташкил этилган кўчатхона ва ниҳолхоналар ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Қақрали ўрмон бўлимида қилинаётган ишлар билан танишилди. Хўжалик раҳбари ва масъул ўрмончиларга кўчат етиштириш ва парвариш қилиш бўйича мастер класс ташкил этилди.
А.Маматкаримовнинг таъкидлашича, зарур уруғлар ниҳолхоналарга экилиб, ниҳоллар етиштирилади. Ноёб турдаги уруғларни ўстириш бўйича Хитой, Туркия ва Жанубий Корея каби чет давлатлар билан ҳамкорлик қилинмоқда, тажрибалар алмашиниб, ўрмон хўжаликларида жорий этилмоқда. Бунинг натижаси сифатида айтишим мумкинки, ўрмон хўжаликларида интенсив усулда ниҳолхоналар ташкил этилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ҳозирги кунда ўрмон фондининг умумий ер майдони 12 млн гектарни ташкил этади, шундан 85,6 фоизи чўл ҳудудларини қолган 14,4 фоизи тоғ, водий ва тўқай ҳудудларини ташкил этади. Чўл ҳудудларида саксовулзорлар, черкез, қандим тоғ ва тоғолди ҳудудларида арчазорлар, пистазорлар, водий ва тўқай ҳудудларида терак, қайроғоч, шумтол каби тез ўсувчи ва мевали дарахт турлари ўсади. Ўзбекистонда тоғ ҳудудлари асосан Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда қисман водий вилоятларида жойлашган. Чўл ҳудудларининг асосий қисми Орол бўйи минтақаси ҳисобланган ва Қизилқум чўлидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида жойлашган.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева

