Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда

Маълумки, 17 – июнь куни ҳар йили -“Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни” сифатида нишонланади. Бу сана БМТнинг чўлланишга қарши курашиш Конвенцияси, 1994 йилда БМТнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Конференциясида қабул қилинган бўлиб, бу 3 та Конвенциянинг биридир.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қурғоқчилик экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг дахшатли табиий офатлардан биридир. Ернинг таназуллга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик тез-тез ва шиддатли бўлиб бормоқда, бу 2000 йилга нисбатан 29 % кўп ва ҳар йили 55 млн. кишига таъсир қилади. 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу глобал ва долзарб муаммо.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 % ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир. Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди.

Натижада, ушбу регионда экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди. Биргина Оролбўйи минтақасида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йиллар давомида 8 млн гектардан ортиқ ер майдонлари турли даражада шўрланди ва 1 млн га ер майдонларида эрозия холатлари кузатилди. Бу эса ушбу регионнинг 96 % ҳудудини ташкил этади. Чўлланиш таъсирида ушбу регион ҳудудларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги қарийиб 40-45 % гача камайиб кетди.

Республикамизда “Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш” ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилган.

Қўмита томонидан мазкур муаммо юзасидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу масалалар бўйича қилинадиган ишлар жуда кўп.Ташкил этилаётган тадбирлар ўтказишдан мақсад чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг тадбиқ этиш, маҳаллий аҳолини чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ҳабардорлигини ошириш, ерлардан барқарор фойдаланишни ташкил этишдир.

Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Д. Бобоева