Аҳолиси 70 миллиондан ортиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси ҳудудининг ярмидан кўпини қушлар миграцияси, сайғоқлар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар яшаши учун муҳим бўлган чўллар эгаллайди. Бугунги кунда ер деградацияси натижасида чанг бўронларининг ҳосил бўлиши ва қумларнинг тарқалиши чўлларнинг асосий муаммосига айланиб, ҳайвонот олами ва аҳолининг яшаш жойларини тарк этишига олиб келмоқда.
Пойтахтимизда Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус – CADI лойиҳаси Минтақавий котибиятининг фаолиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Семинар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси томонидан Грайфсвальд университети (Германия) ва Михаэл Зукков жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, БМТ агентликлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги CADI лойиҳаси Миллий котибиятлари аъзолари иштирок этди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мўътадил зонанинг чўл зонаси жуда қуруқ, кескин континентал иқлимли, жигарранг чўл-дашт ва кулранг-жигарранг тупроқли камёб ўсимлик бутазорларидан иборат бўлган ерлардир. Улар аниқ белгиланган фасллар, шунингдек, узоқ муддатли совуқлар ва ёзнинг ғайритабиий исиши билан ажралиб туради. Йиллик ёғингарчилик 100 мм дан кам, ҳарорат -45 ° C дан +50 ° C гача бўлиши мумкин. Мўътадил чўлларнинг 95 фоизи Марказий Осиёда жойлашган. Қолган 5 фоизини Шимолий Америка ҳамда Жанубий Американинг Патагониясида учратиш мумкин.
CADI минтақавий котибияти Марказий Осиёда CADI лойиҳаси томонидан амалга ошириладиган барча тадбирларнинг вориси бўлиши кутилмоқда, дейди CADI минтақавий котибияти координатори Темурбек Реимов.- Унинг вазифаси биохилма-хилликни сақлаш ва мўътадил чўл экотизимларидан барқарор фойдаланишни қўллаб-қувватлашдир.Ҳозирда таркибимиздаучта Марказий Осиё аъзо давлатлари мавжуд, аммо минтақавий Котибият эшиклари глобал аҳамиятга эга ноёб экотизимларни сақлаш ташаббусини қўллаб-қувватлашни истаган бошқа мамлакатлар учун ҳам очиқ.
Семинар иштирокчилари CADI минтақавий котибиятининг фаолияти, яъни унинг нодавлат ташкилот сифатидаги мақоми, тузилиши, низоми ва келажакдаги иш режаси билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, молиявий ресурсларни сафарбар қилиш имкониятлари ўрганилди.
«Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббуси – биз ФАО билан биргаликда иштирок этаётган муваффақиятли минтақавий лойиҳалардан биридир. Минтақавий Котибиятнинг келаси фаолияти 2012 йилда Рио-де-Жанейрода қабул қилинган БМТ конвенциялари – Чўлланишга қарши курашиш Конвенцияни, Биологик хилма-хилликни асраш Конвенцияни ва Иқлим ўзгариши Конвенцияни амалга оширишга хизмат қилади, деб умид қиламан», – дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг халқаро алоқалар ва экотуризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Абдувоҳид Заҳадуллаев.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилган CADI лойиҳаси 2017-йилдан буён Грайфсвальд университети, Михаэл Зукков жамғармаси ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилмоқда. Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббуснинг мақсадли мамлакатлари Қозоғистон ва Туркманистон бўлиб, бу мамлакатлар ҳам ўзининг ноёб ландшафтлари ҳамда бой ҳайвонот оламига эга поёнсиз чўллари билан машҳур.
Лойиҳа доирасида чўлларни асраш, саксовул плантацияларини кенгайтириш ва трансчегаравий қўриқланадиган ҳудудлар яратиш, энг муҳими, мўътадил чўлларнинг оғир шароитида деҳқончилик билан шуғулланаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 2021-йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси биносида CADI минтақавий котибияти офисининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Д. Бобоева

