Самарқандда ўрмончилик ҳақида гап кетганида кўпчилик Баён акани ёдга олади. У кишининг соҳадаги кўп йиллик фидоийлик билан қилган меҳнатлари, одамийлик, меҳр-оқибатлилик каби фазилатлари қалбларда мангу сақланиб қолган.
Баён ака меҳнаткаш, зиммасидаги масъулиятни чин дилдан ҳис этадиган, самимий ва содда инсон эди. Унинг кўнгли ҳамиша ўрмонлар кенглиги қадар чексиз ва беғубор эди.
Баён Хуррамов 1942 йилда Ургут туманининг баҳаво Омонқўтон қишлоғида туғилган. Тошекент қишлоқ хўжалик институтида ўрмончилик йўналишида таҳсил олгач, иш фаолиятини Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ўрмон хўжалигида бошлаган. Йўлланма билан ишга келган Баён Хуррамов бу ерда 10 йилдан ортиқ меҳнат қилади. Устозлари ёнида ўрмон кезди, иш ўрганди. Кейин туғилиб вояга етган қишлоғи Омонқўтонга қайтиб, ўз юртида меҳнат фаолиятини давом эттиради.
Баён акадаги ишчанлик хислати раҳбарлар томонидан қадрланиб, у кишини Самарқанд ўрмон хўжалиги бошқармасига ишга таклиф этишди. Бир муддат карантин инспекциясида ҳам фаолият олиб борди. Аммо бу соҳада узоқ қолиб кетмади. Ўзининг севимли касбига қайтиб, “Дарғом” ўрмон хўжалигида фаолиятини давом эттирди.Раҳматли Баён бобони яхши танирдим, – дейди шу хўжалик боғбони Жумабой Хидиров. – 1990 йилларда мен рахматлик Ўроқ Жамоловнинг қўлларида ўрмончи бўлиб ишлаганимда Баён бобо “Жартепа” ўрмон бўлимида эди. Баён бобо ҳаж сафарини адо этиб келгач, чамамда, 2011 йил эди-ёв, “Дарғом” ўрмон хўжалигига директор этиб тайинланди. Ўша йилларда Чўпонота тепалигидан янги бино қурилди. Шу ерда бирга ишладик. Чўпонотани кўкаламзорлаштиришда унинг меҳнати, ташкилотчилиги катта бўлди. Тепаликдан 5 гектар майдонга ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар экилиб, боғ барпо қилинди. Ҳозир ушбу боғлар мевага кирган.. Сув танқислиги сабаб, боғни кўкартиришда кўп қийнчиликлар бўлганди. Аммо Баён бобо қийнчиликларни ўзига хос тарзда енгиб ўтди. Эсимда, трактор билан бочкаларда сув таширдик.
Баён бобога 2012 йилда соғлиги панд бериб, ишни топширди. Аммо ўзи барпо этган боққа тез-тез келиб турарди. Ҳар кўришганимизда узоқ сухбатлашардик. У киши ҳақиқий ўрмончи, ижодкор инсон эди. Агар ҳаёт бўлганларида кўплаб янгиликлар қилишига шубҳа йўқ эди. Ҳозирги кунда ҳожи бобонинг 2 нафар ўғли – Ойбек ва Маҳмуд унинг ишларини давом эттирмоқда.
Баён Хуррамов олти нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Боғбон айтганидай, икки нафари ота изидан борди, ўрмончилик касбини танлади. Бошқалари ҳам ўзлари танлаган соҳаларда фаоллик кўрсатишмоқда.
Баён аканинг қилган меҳнатлари муносиб тақдирланиб, 2010 йилда у “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Кейин “Мустақилликнинг 20 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2022 йилнинг 18 мартида эса марҳум Баён Хуррамов “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
Тажрибали ўрмончи Баён Хуррамов меҳнат фаолияти мобайнида кўплаб ибратли ишларга бош-қош бўлди. Муносиб шогирдлар тайёрлади. Бугун у кишининг фарзандлари ва шогирдлари ўрмончилик соҳасининг ривожланишига муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда. Улар билишадики, устоз руҳи ҳамиша ўзларини қўллаб-қувватлайди, янги зафарлар сари чорлайди.
Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ.

