Юртимиз аҳолиси орасида ёшлар сонининг кўплиги бўйича нафақат Осиё давлатлари, балки бутун дунё мамлакатлари ўртасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Ҳар қандай жамият тараққиётини, унинг келажагини соғлом ва баркамол ёшлар таъминлаши барчага аён. Мамлакатимизда истиқлолга эришган давримиздан бошлаб ёшлар ва уларнинг маънавияти масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, юртимизда навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил топганлигининг 5 йиллиги муносабати билан жорий йил 8-9 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида “Ўрмон хўжалиги ёшлари форуми” ўтказилиши режалаштирилган. Форумда Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятлари ўрмон хўжалиги ёшлари иштирок этмоқда. Форумда бир қанча учрашув, суҳбат, беллашув ва бошқа тарғибот тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Мазкур форум доирасида ўрмон хўжалиги тизимида самарали фаолият юритган фахрийлар, “Ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар ҳамда ёш кадрлар ўртасида “Авлодлар учрашуви” ўтказилмоқда. Унда меҳнат фахрийлари ёшлар билан ўзлари ишлаган даврдаги ўрмон хўжалигининг ҳолати, иш шароитлари, устозлари, амалга оширган ишлари ҳақида ва ҳаётий тажрибалари хусусида ўртоқлашмоқда.
Шунингдек, форум давомида “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” номли рукн остида ўрмон хўжалиги тизимида “Юртим тараққиётига менинг ҳиссам” мавзусида ёшлар билан суҳбат бўлиб ўтади. “Дунёларни лол айлаган она тилим” номли тарғибот тадбирида Ўзбекистонда давлат тилига эътибор, унинг нуфузи, ўзбек тилининг беқиёс имкониятлари, муаммолари ҳақида фикр юритилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ёш авлоднинг фаоллигини кучайтириш, уни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси бугуннинг бош мезонидир.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Д. Бобоева


