Дарахтларга меҳр бермоқ, уларни парваришламоқ энг эгу ва хайрли амал саналади. Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, дарахтлар шаҳар ҳарорати мўътадиллигини сақлайди. Шунингдек, дарахтлар, бошқа ўсимликларнинг барглари ва шоҳлари ёз ойларида қуёшдан келаётган иссиқлик қувватининг фақат 10-30 фоизини пастга ўтказар экан. Натижада ер устида ҳарорат мўътадил бўлар экан.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 октябрдаги қарорига асосан Тошкент вилоятининг умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари атрофида кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур ҳудудда тош ва чиқиндилар тозаланиб, ер текислаш, кўчат экиладиган майдончаларни белгилаш, чуқур қазиш, унумдор тупроқ қатлами билан тўлдириш, кўчатларни экиш ҳамда экилган кўчатларни оқлаш каби амалий ишлар бажарилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, ушбу ҳудудда садақайроғоч, чинор, заранг, шумтол, қрим қарағайи, оққайин, багрянник, жийда каби 19 хил турдаги жами 31 минг дона иқлим шароитга мос манзарали дарахт ва буталарнинг кўчатлари экилиши таъминланди.
Ҳозирги пайтда ушбу йўл атрофларига ландшафт дизайн асосида гул кўчатлари экилмоқда, шунингдек парваришлаш ишлари бажарилмоқда.
Қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган Ўзбекистондаги экологик вазиятга бағишланган видеоселектор йиғилишида дарахтларни муҳофаза қилиш ва яшил зоналарни кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтилган.
Жорий йил сўнггига қадар, масъул шахсларга автомобил йуллари бўйлаб 800 мингдан зиёд, шаҳар ва вилоят марказларида 16 миллион, турар-жой бинолари ичкарисида ва атрофида 42 миллион, далалар ва каналлар атрофида 53 миллион дарахт экиш вазифаси қўйилган.
Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Дилрабо Бобоева

