Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Табиий атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатида ҳар йили сайёрамизда камида 5 ярим миллионга яқин инсон вафот этади

Экология билан боғлиқ муаммолар бутун дунёда глобал тус олмоқда. XXI асрда инсониятни жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бири атроф муҳит ифлосланиши ва атмосферага чиқарилаётган турли чиқинди газларнинг инсон саломатлигига зарари олдини олиш ҳисобланади. Зеро, экологик муаммо чегара билмайди, мамлакатлараро трансчегаравий муаммоларни келтириб чиқаради ва бу ўз-ўзидан, ижтимоий-иқтисодий муносабатларга, тараққиётга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

1972 йил 5 июнда Стокгольм шаҳрида БМТнинг атроф-муҳитга бағишланган Конференциясида Бутунжаҳон атроф-муҳит кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Мазкур қарордан кўзланган мақсад халқаро ҳамжамият эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга қаратишдан иборатдир. Эллик йилдирки, дунёнинг қатор мамлакатларида Бутунжаҳон атроф-муҳит куни нишонланиб келинади, ушбу санага бағишлаб турли хил тадбирлар, жумладан, “яшил” концертлар, кўрик-танловлар, боғлар яратиш, шунингдек, атроф-муҳитни тозалашга қаратилган турли экологик акциялар ўтказилади.

Дарҳақиқат, иқлимнинг кескин ўзгариши, чўлланиш ва ер деградацияси, маиший ва саноат чиқиндиларининг тобора ортиб бориши, атмосфера ҳавосининг зарарланиши, сув ресурсларин манбаларининг ифлосланиши ва танқислиги, ўрмонлар ва биохилма-хилликнинг қисқариши инсоният учун ниҳоятда долзарб глобал экологик муаммоларга айланмоқда. Ушбу муаммоларга тиббий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, табиий атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5 ярим миллионга яқин инсон вафот этиши, 2050 йилда эса бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши мутахассислар томонидан илгари сурилмоқда. Бугунги кунда экологияни соф ҳолда сақлаш мақсадида дунё бўйлаб заҳарли газларни ҳавога чиқаришни камайтириш борасида бир қатор режалар ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фикрича, агар ҳавога заҳарли моддаларнинг чиқиши камайтирилмайдиган бўлса, у ҳолда яқин келажакда ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимлар сони яна ортиб бораверади.

Экологик муаммоларни юмшатиш, атроф-муҳитни асраш борасида юртимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларга эришишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланганлиги, Оролбўйи ҳудудида сўнгги йилларда олиб борилаётган жаҳонда андозаси йўқ иқтисодий-ижтимоий ва экологик ўзгаришларни алоҳида эътироф этиш зарур.

Бундан ташқари, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт Стратегиясида ҳам экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Республика миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Биргина баҳор мавсумида юртимиз бўйлаб 129 миллион 608 мингта кўчат экилган.

Бундан ташқари, мамлакатимизда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоиздан ошириш мақсад қилиб олинди. Ушбу мақсадларга эришиш учун 2030 йилга қадар бўлган давр ичида қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш қувватини қарийб 16 минг МВтга етказиш режалаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрда эълон қилинган “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси ”Евро-4” экологик тоифа талабига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигатели билан жиҳозланган ”М” ва ”N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш, шундай машиналарни сотиш ман этилди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Д.Бобоева