Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгилаб берилган. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Пойтахтимизда М.Улуғбек номидаги Марказий боғида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Алижон Маматкаримов иштирокида қўмита ходимлари, аҳоли ва кўнгилли ёшлар билан суҳбати ташкил этилди.
А. Маматкаримов Тошкент давлат аграр университети Ўрмон хўжалиги ва ландшафт дизайн факультети талабаларининг ҳудудларни иқлим шароитига мос дарахт ва буталар турини танлаш, кўпайтириш, кўчатхоналар ташкил қилиш, манзарали дарахт турлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда сўзга чиққан талабалар мутахассисга хусусан, танлов асосида ер олиш, манзарали дарахт турларини, айниқса сув кўп талаб қилмайдиган кўчат турларини кўпайтириш юзасидан саволлар билан мурожаат этди.
Қайд этилишича, Ўрмон хўжаликларининг асосий вазифаси асосан жойларда мавжуд ўрмонларни қўриқлаш, ҳимоя қилиш, иқлим шароитдан келиб чиққан ҳолда тоғ, чўл, водий ҳудудларида шамол, тупроқ эрозиясига қарши ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш ва унга оид тадбирларни амалга ошириш, шунингдек мавжуд ўрмонларни сақлаб қолган ҳолда келажак авлодга етказиш кабилардан иборат.
Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.
Учрашувда мутахассис томонидан дарахт ва буталар уруғларини жамғариш, эрта баҳорда тез ўсувчи дарахтлар қаламчаларини тайёрлаш ҳамда кўчатларни белгиланган тартибда етказиб бериш каби самарали парваришлаш борасида тушунчалар берилди.
Шунингдек, бугунги тадбир давомида иштирокчилар томонидан М.Улуғбек номидаги Марказий боғига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Евроосиё гуруҳининг (ЕОГ) вакиллари билан биргаликда манзарали дарахтлар экилди. Тегишли майдонлар манзарали дарахтлар экиш учун ҳозирланди.


