Маълумки, мамлакатимизда маҳаллий етиштирилган хандон писта энг қиммат ёнғоқ туридир. Ушбу турдаги экин Ўзбекистоннинг ўрмон маҳсулотларига мансуб ёввойи ўсимлик ҳисобланади.
Пойтахтда пистачиликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси вакиллари ёрдамида Испаниядаги «GEDEPSA» консалтинг компанияси бош директори Алехандро Пастрана Молеро ҳамда «Eurosemillas» қишлоқ хўжалиги инновацион компанияси директори жаноб Хосе Мария Фонтан дель Хунколар билан биргаликда Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори, профессор А.Хамзаев бошчилигидаги пистачи олимлар жамоаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари иштирокида музокара ўтказилди.
Қайд этилишича, хандон писта мазали, хуштаъм ва тансиқ неъмат ҳисобланиб, тоғли ҳудудларда ва лалми ерларда ўсиши билан ҳам шифобахшлиги ортади. Қонунчиликка кўра, лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган ёнғоқ, писта, цитрус мевалар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш борасидаги вазифалар белгилаб берилган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, хандон писта ва барча ёнғоқлар баргларида эфир мойи мўл. Ушбу маҳсулот юқори калорияли парҳез мева бўлиб, унинг мағизида 40 дан 60% гача (ва ундан кўп) мойлар, 15-20% оқсиллар, 3-8 % қанд моддалари ва бошқа кўплаб микроэлеменлар бор. Юксак сифатли мазаси туфайли писта мевалари жаҳон бозорида ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баравар юқори баҳоланади.
Учрашувда пистанинг жуда тез ўсувчи ва пластиклик хусусиятига эга дунёга машҳур UCD 1 навини пайвандтаг сифатида пилот лойиҳа сифатида 40 минг донасини келтириб, Навоий вилояти шароитида синаш ишларини бошлашга келишилди. Шунингдек, «GEDEPSA» компанияси бош директори Алехандро Пастрана Молеро ҳам жорий йил июнь ойида Ўзбекистонда бўлишини ва ҳамкорлик алоқаларини давом этишини билдирди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, хандон пистанинг таркибида 40-60 фоиз ёғ, 15-20 фоиз оқсил, 3-4 фоиз қанд, микро ва макро элементлар, темир, мис, марганец, фосфор, йод, кальций, руҳ (цинк), углеводлар, минерал тузлар, ҳид берувчи модда, дубил, каратин, А, Д.Е, С, В, РР ва бошқа дармондорилар мавжуд. Шунингдек,Ўзбекистон ва Эрон ўртасида хандон писта етиштириш бўйича илмий ва тижорий кооперация борасида ҳамкорликда иш олиб бориш имкониятларини кўриб чиқилмоқда.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ахборот хизмати бўйича мутахассис Д.Бобоева
