Бугун дунёда жадал суръатларда ривожланиб бораётган иқтисодиёт соҳаларидан бири туризмдир.Хусусан, экотуризм табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини тўла-тўкис амалга оширишга катта ҳисса қўшади ҳамда сезиларли молиявий даромад келтиради.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Туризм ва маданий мерос техникумида вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси, Фарғона ҳамда Қўқон ўрмон хўжалиги Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси вилоят ҳамда Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда ўрмон хўжаликларида экотуризм ҳамда маҳаллардаги қишлоқ туризм обектларини тарғиб қилишга қаратилган “Экотуризм ва туризм хизматларини ташкил қилиш” мавзусида ўқув тарғибот тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Фарғона вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси, Туризм маданий мерос бош босқармаси ҳамда вилоят Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаларининг тизим ташкилотларининг экотуризм бўйича мутасаддилари иштирок этди.
Қайд этилишича, экологик туризм ўтган асрнинг охирларидан бошлаб жаҳон туризми индустриясига аста-секин кириб кела бошлади. Экотуризм табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини тўла-тўкис амалга оширишга катта ҳисса қўшади ҳамда сезиларли молиявий даромад келтиради.
Экотуризм инсон фоалияти натижасида зиён етказилмаган ёввойи табиат қўйнига саёҳат (пиёда, отда, туяда, автомобилда), ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан танишиш, кино ва фото тасвирлар олиш, илмий саёҳатлар ташкил этиш (ботаник, зоологик, геологик, этнографик, археологик, геоморфологик, экологик-маданий), ҳамда агротуризм (қишлоқ ҳудудлари бўйлаб саёҳат, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, урф-одатлари билан танишиш, қишлоқ хўжалигининг ҳудудга хос тармоқларини ўрганиш) каби мақсадларда амалга оширилади. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшиланишига кўмаклашади.
“Экотуризм ва туризм хизматларини ташкил қилиш” мавзусида ўқув тарғибот тадбирида ҳам айнан шулар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, учрашувда иштирокчилар ўртасида “Экотуризм ва туризм хизматларини ташкил этиш”, “Табиий қўриқланувчи ҳудудларда саёҳатлар ташкиллаш”, “Ёшларда экологик тарбияни шакллантириш”, “Қизил китобга киритилган янги флора ва фауна намуналари” ҳамда “Туризмдаги янги истиқболли лойиҳалар” мавзусида ўқув ва давра суҳбатлари ҳам ўтказилди. Мутахассислар томонидан соҳага оид янги истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.



