Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6165-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 100-сонли қарори ижроси бўйича қўмита марказий аппарати масъул ходимлар, қорақалпоқ ҳамда хоразмлик ёшлар иштирокида 12 май куни Мўйноқда жойлашган “Тўқмоқ ота” қабристони зиёрат қилинди.
Мўйноқ ўрмон (тўқай) хўжалигидаги Ахантай бўлими Қизилжар ниҳолхонасида Хоразм вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси ёшлари учун “Ўрмон хўжалиги ривожида Мўйноқ тажрибаси” мавзуида амалий семинар ташкил этилди. Унда Мўйноқ ўрмон хўжалиги раҳбари, ниҳолхона ишчи-ходимлари ўз тажрибаларини гапириб беришди. У ерда уруғидан етиштирилаётган тол, терак, тут, япон сафораси ва бошқа ниҳоллар, ўстирилаётган жийда, можевейник, туя, қарағай ва бошқа кўчатлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ўрмонлардан қўшимча фойдаланиш бўйича паррандачилик йўлга қўйилгани, 300 нафар жўжа боқилаётгани, бундан ташқари 50 бош чорва моллари боқилаётгани ҳақида сўзлаб беришди. Хоразмлик ёшлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Кун давомида семинар қатнашчилари Мўйноқдаги Орол денгизи тарихи музейида бўлишди. Ундаги экспонатлар, тарихий материаллар билан танишишди.
Ўтказилган тадбирларда ўрмон хўжалиги ва маънавиятнинг уйғунлиги, мустақиллик берган имкониятлар, соҳага татбиқ этилаётган имтиёзлар, соҳани ривожлантиришда ишчи-ходимларнинг ўрни ва роли, ҳудудлараро тажриба алмашинишнинг фойдали томонлари ҳақида гапирилди. Чўлларни кўм-кўк водийга, яшил маконга айлантириш мақсадидаги эзгу ишлар хайрли ва бардавом бўлиши таъкидланди.

