Бугун инсоният глобал экологик муаммоларнинг кескинлашувига гувоҳ бўлмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, юзага келаётган экологик хавфнинг олдини олиш учун яшил тараққиёт тамойилларини жорий этиш зарур.
Маълумки, экологик мувозанатни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинди. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг фикрича, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бутун мамлакат бўйлаб 1 миллиард дарахт экиилиши ҳавони тозалаш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шунингдек, ташаббус Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва иқлим таъсирига мослашиш бўйича Париж битими доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишини ҳам таъминлайди.
Мамлакатда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида 20 га яқин Президент фармон ва қарорлари, давлат дастурлари, стратегиялар қабул қилинган.
Хўш, бугун мазкур ҳужжатлар ижроси қай даражада таъминланмоқда? Ўрмон фонди ерларида яшил ҳудудларни ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан қандай мақсадли ишлар амалга оширилмоқда?
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассиси Д.Бобоева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни маълум қилди.
– Ўрмон хўжалиги майдон жиҳатидан республикамизнинг тўртдан бир қисмини эгаллаган. Бу – тоғлар, тоғ олди адирликлар, катта чўл саҳролари, ўрмонлар ҳамда текислик ерларидир.
Ўрмон хўжалиги соҳаси мамлакатнинг катта бойлик ресурсларидан бири бўлганлиги боис, ўрмон барпо этиш борасидаги режаларга тўсқинлик қилувчи умумий таҳдидлар хавфини камайтириш вазифаси ҳамиша долзарб саналади.
Маълумки, мамлакатимизда ўрмонларнинг деградацияга учраши кузатилмоқда. Иссиқлик таъминотидаги муаммолар туфайли ўрмонларни кесиш, дарахт ва буталардан ўтин сифатида фойдаланиш, ноёғоч ўрмон маҳсулотлари тайёрлашда тартибсизлик, нооқилона ёндашув, зараркунандалар ва касалликлар, ўрмон ёнғинлари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар ўрмонларимизга зиён келтирмоқда.
Экспертлар фикрига кўра, иқлим ўзгариши туфайли тез-тез содир бўлаётган бўронлар ва тошқинлар озуқавий моддаларга бой тупроқ қатламини ювиб кетаётган бир вақтда дарахтлар уни ўз жойида маҳкам ушлаб қолиб, тупроқни қўшимча озуқавий моддалар билан бойитади.
Санаб ўтилган муаммолар ўрмонларни барқарор бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этиш зарурлигини талаб қилганлиги боис, ўрмон фондининг фойдаланилмаётган 1,5 минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилди. Фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, ўрмон хўжаликларига хусусий сектор субъектларини кенг жалб қилиш мақсадида 500 гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берилди.
Маълумотларга кўра, 1960 йиллар охирларидан бошлаб Орол денгизининг қуриган тубидан ҳар йили 75 миллион тоннадан зиёд чанг ва заҳарли тузлар ҳавога кўтарилади. “Яшил макон” каби ташаббуслар тупроқни ҳимоя қилиш ва ортиқча буғланишни камайтиришда ҳамда маҳаллий микроиқлим ни яхшилашда долзарб аҳамиятга эга эканлиги инобатга олиниб, Оролбўйи минтақасида жами 207 минг гектар, жумладан Мўйноқ туманида 106 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 50 минг гектар ва Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди. Чўл ҳудудларида “яшил қоплама”лар барпо қилиш тадбирлари учун жами 1 минг тонна, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 558,1 тонна саксовул, 20,7 тонна қандим, 11,5 тонна қорабуроқ, Навоий вилоятида 208 тонна саксовул, Бухоро вилоятида 75 тонна саксовул, 5 тонна қандим, 80 тонна черкез ва Хоразм вилоятида 52 тонна саксовул каби чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан жами 18 миллион дона тез ўсувчи ва бошқа турдаги дарахт ҳамда буталарнинг қаламчалари тайёрланди. Мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун 2,4 минг гектар майдонда ихота дарахтзорлари барпо этилди.Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 186 та туман ва шаҳарларида жорий йилда 584 гектар майдонда “яшил боғлар”, 184 та туман ва шаҳарлардаги 306 та объектларда 2022-2024 йилларда жами 1 минг 82 гектар майдонда янгидан “яшил жамоат парклари” барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан жорий йилнинг I чораги давомида 257 гектар майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантациялари ташкил этилган.
Яшил масканлар, истироҳат боғлари инсоннинг мароқли ҳордиқ чиқаришига, саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар томонидан яшил ҳудудларни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ва кўчат экиш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” белгилаб олинган. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўрмон фонди ерларида яшил ҳудудларнинг барпо қилиниши тупроқ сифатини яхшилаб, чўлланишнинг олдини олиш ва ҳатто бу жараённи ортга қайтаришга ёрдам беради.
Муҳайё Тошқораева