Бугун 9 май – Хотира ва қадрлаш кун. Айниқса, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да бу кун ўзгача шукуҳда юртимиз бўйлаб кенг миқёсда нишонламоқдамиз. Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Аслида бу сана Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба шарафига собиқ Шўро даврида “Ғалаба куни” дея нишонланган.
Ушбу уруш бир халқ ва бир мамлакатнинг бошига тушган офат бўлмай, умумжаҳон ҳаёти ва келажагини барбод этувчи даҳшатли ҳодиса эди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг бу урушдаги иштироки, эришилган ғалабада ҳиссаси жуда катта бўлганини тарихдан яхши биламиз.
Иккинчи жаҳон урушида жанг майдонларида мардлик кўрсатган улуғ аждодларимизни хотирлаймиз, фронт ортида меҳнат қилиб, бугунги тўкин ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимизга, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига ҳурмат кўрсатиб, уларни эъзозлаймиз. Уларнинг фидокорона кўрсатган жасоратларини, Ватан олдидаги адо этган бурчларини шараф ила ёдга оламиз, матонатли ҳаётларини ёшларга ибрат қилиб кўрсатамиз.
Ҳар йили Президентимиз бошчилигида Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ қилиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказиш катта анъанага айланган.
Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб кишилар умрига зомин бўлгани, уруш бошқа халқлар қатори ўзбек халқига ҳам беқиёс талафотлар етказгани, жанг майдонларида машаққатли дамларни бошдан кечирганликлари, фронт ортидан туриб оғир меҳнатлар қилиб, қийин дамларни бошларидан кечирганликларини бобо-бувиларимиздан кўп эшитганмиз, тарихий манбалар орқали танишганмиз. Ўзбек халқи жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган бир миллион эркагу хотин ва бола бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминлаган. 200 минг етим боланинг талай қисмини ўзбек оилалари ўз қарамоғларига олиб, фарзандларидан кам кўрмай тарбиялаганлар. Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлаган.
Урушдан кейинги даврда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий қийинчиликларни ҳам мардонавор енгиб ўтишда ватандош аждодларимизнинг ўрни беқиёс бўлган. Хусусан, экологик мувозанатини сақлаш учун чўл ҳудудларида саксовулзорлар, ўрмонлар барпо этиш, ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш ишлари бошланган. Йиллар давомида соҳа ривожланиб, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил топган.
Ҳозир эса ўрмон хўжалиги мамлакатимизнинг энг ривожланаётган муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. Ўрмон хўжалиги соҳаси ривожига беминнат ҳисса қўшган, кўп йиллар ишлаб, бор меҳнати, керак бўлса, жонини фидо қилган, меҳнатлари муносиб тақдирланмай қолган, кўпчиликка устозлик қилган, ҳозир орамизда бўлмаган бир қанча марҳум ўрмончиларни хотирлаш, шарафлаш бизнинг инсонийлик бурчимиздир. Хусусан, жорий йилнинг 21 апрель куни бўлиб ўтган “Ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросимини Эргаш Уразов, Сарсенбай Наурозбаев, Мансурхаджа Хаджаев, Баён Хуррамов, Амирқул Тўраев, Учқун Идрисходжаев, Рўзи Қаҳҳоров, Абдусами Абдусатторов, Данияр Агабеков, Убайдулло Бобомуродов, Акбар Ҳайдаров каби марҳум ўрмончилар оила аъзоларига топширишдан бошланди.
Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти профессори, фидоий олима, ёшларнинг меҳрибон устози, Марказий Осиёда ўрмончилик соҳасида етакчи олима Галина Чернованинг ўрни, меҳнати ниҳоятда катта. У томонидан Ўзбекистонда хандон пистанинг 5 та (Альбина, Орзу, Горная жемчужина, Октябрская, Зорка) навлари яратилган. Ҳозирда бевосита у кишининг раҳбарлигида яна янги 13 та янги навлар давлат нав синовига топширилган. Галина Чернова томонидан бугунги кунгача 200 дан ортиқ илмий мақолалар, ишлаб чиқаришга тавсиялар, монография ва кўплаб қўлланмалари чоп этилган. Сўнгги икки йилда устоз раҳбарлигида 2 нафар фан докторлари тайёрланган.
Галина Чернова Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Хитой Халқ Республикаси Сыньцзянь ўрмон академиясининг фахрий профессори, “Ўрмон хўжалиги, экология ва ландшафт” Халқаро фанлар академиясининг академиги илмий унвонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Дўстлик ордени” билан тақдирланган.
Шу билан бирга мамлакатимиз ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва кўпайтириш, улардан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритаётган “Ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони соҳиблари ҳурматли касбдошларимизнинг ҳам меҳнатларини юксак қадрлаймиз.
Хотира бу – тарих. Хотира – ғурур тириклиги. У кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, киши ўз хотира бойликларини қадрлайди.
Инсон қадр-қиммати улуғланган юртда яшамоқдамиз. Ҳозирги тинч, фаровон, дориломон замоннинг қадрига етиш, ҳар бир фуқаронинг Ватан ва миллат тақдирига дахлдорлик, шукроналик туйғуси билан яшаши инсонийлигини билдиради.
Малика Абдухакимова